
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил июль ойида имзолаган “Волейбол спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ушбу спортни янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини яхшилашда, замонавий инфратузилмани яратишда, миллий терма жамоаларимизни халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишларида муҳим ҳужжат бўлди. Қарор қабул қилинганидан буён Ўзбекистон Волейбол Федерацияси томонидан қилинган ишлар, галдаги вазифалар юзасидан журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Таъкидланганидек, миллий терма жамоаларимизни жорий йилда волейбол бўйича муҳим халқаро мусобақалар кутиб турибди. Жумладан, июнь ойида Тошкентда илк бор пробация назоратидаги ёшлар ўртасида “Ички ишлар вазирлиги кубоги”, 29 майдан - 4 июнгача Фарғона шаҳрида Марказий Осиёнинг Волейбол ассоциацияга (CAVA) аъзо давлатларнинг “Миллатлар лигаси” ва Тошкентда 10-16 июнь кунлари ушбу ташкилотнинг (CAVA) U16 ва U19 ёшлилар ўртасида халқаро мусобақалар бўлиб ўтади.
Матбуот анжуманида ушбу нуфузли халқаро мусобақалар олдидан волейбол жамоаларининг тайёргарлиги, инфратузилма, спортчиларни кутиб олиш, жойлаштириш ва ёшларни саралаш билан боғлиқ кўрилган ташкилий жараёнлар бўйича маълумотлар берилди.
Анжуманда журналистлар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон Волейбол Федерацияси мутасаддилари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/rnDOfHeAiHs" title="Voleybol sport turlari yanada rivojlantiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Анвар Аҳмедов, ЎзА