
Мамлакатимизда фаолият бошлаган Халқаро волейбол федерацияси инструктори Моро Бранислав Ўзбекистон волейбол федерацияси раҳбариятининг қарори билан Ўзбекистон U19 терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди.
Маълумки, жорий йилнинг 24 июль – 3 август кунлари пойтахтимиз Тошкентда волейбол бўйича эркаклар терма жамоалари иштирокида жаҳон чемпионати мусобақалари ўтказилади.

–Дунёнинг энг кучли 24 та миллий терма жамоалари иштирок этадиган дунё биринчилигида мезбон мамлакат сифатида муносиб иштирок этиш асосий вазифамиз. Шу жиҳатларни инобатга олиб, Халқаро волейбол федерацияси раҳбарияти билан олиб борилган музокаралар натижасида Беларусь, Греция, Қувайт, Ливия, Жанубий Корея, Филиппин, Руминия, Саудия Арабистони ва Тунис давлатларидаги етакчи волейбол клублари ва миллий жамоаларда бош мураббий сифатида ишлаган Моро Бранислав юртимизга таклиф этилди. Халқаро майдонда катта тажрибага эга мутахассиснинг терма жамоада иш бошлаши спортчиларимиз қатори мураббийларимизнинг иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиз, – дейди мамлакат волейбол федерацияси раиси ўринбосари Жамшид Файзиев.

Ўзбекистон волейбол федерацияси томонидан миллий терма жамоаларимизга жалб этилган Моро Бранислав шу кунларда Тошкентда Ўзбекистон U-19 ва мамлакат катталар терма жамоасида ўтказилаётган ўқув-машғулотида қатнашмоқда.


Ҳар кунлик машғулотлар жараёнида Моро Бранислав спортчи ва мураббийларга чигалёзди машқларини қай тартибда олиб бориш, ҳужум ва ҳимоя зоналарида ҳаракатланиш тамойиллари каби қатор масалаларда зарур кўрсатмаларни бериб бормоқда.
Т.Рўзиев,
ЎзА