Волейбол бўйича вилоят чемпионлари аниқланди
Ховос туманида "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида волейбол бўйича 16–21 ҳамда 22–30 ёш тоифасидаги йигитлар ва қизлар ўртасида вилоят босқичи мусобақалари юқори савияда ўтказилди.
Мусобақада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ташкил этилган саралаш босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоалар иштирок этиб, чемпионлик ҳамда республика босқичига йўлланма учун ўзаро беллашди. Майдондаги ҳар бир учрашув кескин курашлар, муросасиз рақобат ва ҳақиқий спорт муҳити билан ажралиб турди.
Беллашувлар давомида ёш волейболчилар юксак спорт маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён этди. Айниқса, ҳал қилувчи баҳсларда иштирокчиларнинг иродаси, ғалабага интилиши ва ғалаба учун сўнгги дақиқаларгача олиб борган кураши мухлислар олқишига сазовор бўлди.
[gallery-30622]
Якуний беллашувлар натижасида вилоят чемпионлари номи аниқланди. 16–21 ёш тоифасида қизлар ўртасида Боёвут тумани, йигитлар ўртасида эса Гулистон тумани жамоаси ғолибликни қўлга киритди. 22–30 ёш тоифасида қизлар баҳсида Мирзаобод тумани, йигитлар ўртасида эса Гулистон тумани жамоаси чемпионликни қўлга киритди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндор жамоалар диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Биринчи ўринни эгаллаган жамоалар "Беш ташаббус олимпиадаси"нинг республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Таъкидлаш жоизки, "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида ўтказилаётган бундай мусобақалар ёшларнинг спортга қизиқишини ошириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Волейбол бўйича навбатдаги вилоят босқичи мусобақалари ҳам ёшларнинг спортга меҳри, ғалабага бўлган интилиши ва жамоавий ҳамжиҳатлиги юксак даражада эканини яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, ғолиб жамоаларнинг республика босқичида вилоят шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонч мустаҳкамланди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат), ЎзА