“Voice UP” – ғоялар, имконият ва натижалар майдони
Андижон вилояти ҳокимлиги, Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги Андижон вилояти бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон волонтёрлар ассоциацияси ҳамкорлигида Андижон вилоятида “Фикрингни бер!” шиори остида ташкил этилган “Voice UP” инклюзив ёшлар оромгоҳи якунига етди.
Бир неча кун давом этган мазкур оромгоҳ фаолияти доирасида турли ҳудудлардан келган ёшлар бир майдонда жам бўлиб, ўзаро фикр алмашиш, тажриба орттириш ҳамда долзарб ижтимоий муаммоларга ечим топишга қаратилган лойиҳалар устида иш олиб борди.


Оромгоҳнинг асосий мақсади, фаол ва ташаббускор ёшларни қўллаб-қувватлаш, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилоят бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Назира Убайдуллаева. – Қолаверса, ёшларнинг фикрларини эшитиш, уларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инклюзив жамиятни барпо этишга қаратилган ғояларни ривожлантиришдан иборатдир.
Уч кун давом этган оромгоҳ фаолияти мобайнида 50 нафар иштирокчи учун тренинглар, маҳорат дарслари, очиқ мулоқотлар ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилди. Мутахассислар, тренерлар томонидан ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жамоа билан ишлаш, лойиҳа ишлаб чиқиш ва уни самарали тақдим этиш кўникмаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, болалар ҳуқуқлари, тенг имкониятлар яратиш ва инклюзив муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама марказида бўлди.


Якуний босқичда иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган ижтимоий лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Мазкур тақдимотларда ёшлар ўз ғоялари орқали жамиятдаги муаммоларга инновацион ёндашувларни илгари сурди. Энг долзарб ва муҳим аҳамиятга эга лойиҳалар мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, келгусида уларни амалга ошириш бўйича таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Якунида оромгоҳда ўтказилган тадбир ва амалий машғулотларда фаол бўлган бир гуруҳ ёшлар муносиб рағбатлантирилди.
“Voice UP” инклюзив ёшлар оромгоҳи ёшларнинг фикрини эркин ифода этиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим платформага айланди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА.