“Voice Up – 2026” – ҳар бир ёшларга ўз фикрини билдириш имконини берди ( + видео)
Хоразм вилоятининг энг сўлим ҳудудида жойлашган Хонқа санаториясида ташкил этилган “VoiceUp – 2026” инклюзив оромгоҳи якунига етди.
Лойиҳа доирасида Хоразм вилоятининг инклюзив келажак сари илк қадамини ташлаётган 50 нафар фаол, иқтидорли ва ташаббускор ёшлари орзулар ва ҳақиқий имкониятлар туташган манзилда бирлашишди. Албатта, улар орасида имконияти чекланган ёшларнинг ҳам борлиги лойиҳанинг ҳақиқий инклюзив руҳини намоён этиб, тенг имкониятлар муҳитини яратишга хизмат қилди.
Уч кунлик инклюзив оромгоҳда малакали мутахассислар томонидан ёшларнинг шахсий ривожи, психологик барқарорлиги ва ички мотивациясини мустаҳкамлашга қаратилган турли йўналишларда мазмунли семинар ва тренинглар ташкил этилди.
– “Voice Up” лойиҳасининг энг эътиборли ва инсоний жиҳати шунда бўлдики, иштирокчилар орасида имконияти чекланган ёшларнинг ҳам борлиги жамиятда инклюзив муҳит яратиш йўлидаги энг гўзал намуна бўлди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси шўъба мудири Шохрух Бекчанов. – Бу ерда ҳеч ким четда қолмади. Ҳар бир овоз, ҳар бир фикр ва қарашлар қадрланди. Орзулар ва ҳақиқий имкониятларга шароит яратган лойиҳада етакчилик кўникмалари, жамоа билан самарали ишлаш, замонавий фикрлаш ва ташаббускорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-28818]
Интерактив семинарлар ва мастер-класслар, “Заковат” интеллектуал ўйинлари ва маданий тадбирлар эса иштирокчиларга ўз билимларини чарҳлаб, мароқли ҳордиқ чиқаришларига имкон берди.
Лойиҳанинг учинчи кунида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Унда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Усмон Шарифхўжаев ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда раҳбарлар ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари тақдимоти билан яқиндан танишди. Ташаббускор ўғил-қизларнинг деярли барча таклиф ва лойиҳалари қўллаб-қувватланди. Фаол ёшлар тақдирланди.
– Мен ўзимнинг туризм лойиҳамни тақдимот қилдим, – дейди лойиҳа иштирокчиси, УрДПИ талабаси Марварид Наримонова. – Менинг лойиҳам кар ва зайиф эшитувчилар учун туризм объектларида махсус дастурларни қўллашга қаратилган. Бу лойиҳа амалга ошса, мамлакатимизга бутун дунёдан келадиган ногиронлиги бўлган сайёҳларнинг ҳам сони ортади. Ҳисоб-китобларимга кўра бу лойиҳадан сўнг мамлакатимизга уч йил ичида 650 миллион АҚШ доллар миқдорида маблағ киради. Вилоятимиз ҳокими менинг ташаббусларимни маъқуллади. Лойиҳамни янада мукаммаллаштиришим учун замонавий планшет ҳам совға қилди.
“VoiceUp – 2026” ижтимоий фаол ва ташаббускор ёшларнинг овозини эшитиш, уларнинг муаммо ва таклифларини муҳокама қилиш, энг муҳими ёшлар ҳаётида амалий ўзгаришлар қилишга қаратилган муҳим лойиҳа эканлигини кўрсатди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео) ЎзА мухбирлари