Водийлик ёш дзюдочилар беллашди
Андижон вилояти, Бўстон туманида дзюдо бўйича Фарғона водийси очиқ биринчилиги бўлиб ўтди.
Бўстон тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида туман ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси ҳамда дзюдо федерацияси ҳамкорлигида 2006-2007 йилда туғилган ёшлар ўртасида ташкил этилган дзюдо бўйича водий очиқ биринчилигида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан 300 нафарга яқин ёш спортчилар иштирок этди.
[gallery-221]
Қизиқарли, кескин курашларга бой тарзда ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, умумжамоа ҳисобида Андижон вилояти дзю-дочилари биринчи ўринни қўлга киритди.
– Мусобақада ўз вазн тоифамда барча рақибларимдан устун келиб, устозларим ишончини оқладим, – дейди мусобақа ғолиби, Бўстон тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчиси Ғофуржон Ҳомидов. – Ушбу ғалаба мени янада юқори марралар сари етаклайди. Келгусида мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда ҳам ғолиблар қаторида бўлишга ҳаракат қиламан.
Водий очиқ биринчилигида иккинчи ўрин фарғоналик, учинчи ўрин эса наманганлик ёш дзюдочиларга насиб этди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари тегишли медаль ва дипломлар билан тақдирланди.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА