“ВИРТУАЛ ҚАФАС”ДАГИ ФАРЁД: Оилавий қадриятларни рақамли инқироздан қандай асраб қоламиз?
Инсоният тарихида алоқа воситалари ҳеч қачон бугунгидек мукаммал, тезкор ва чегарасиз бўлмаган эди. Бироқ парадокс шундаки, дунёни бир тугма билан боғлаган технологиялар бизни энг яқин инсонларимиздан — оиламиздан, фарзандларимиздан ва ўзлигимиздан айириб қўймоқда.
Бизнинг қўлимиздаги смартфон — бу шунчаки қурилма эмас, балки ҳиссий эҳтиёжларимизни жиловлаётган, меҳр ришталарини аёвсиз узаётган ва уйимизни мазмунсиз масканга айлантираётган “кўринмас қамоқхона”дир.
Бугунги оиланинг энг оғриқли манзарасига боқинг: бир хона, бир дастурхон, аммо ҳар бир аъзо ўз виртуал оламига ғарқ бўлган.
Қачондан бери бир-биримизнинг кўзимизга қарашдан кўра, телефоннинг совуқ шишасига тикилиш афзал бўлиб қолди?
Қачондан бери суҳбатдан сукут, ота-онанинг жонли ўгитидан “лайк”лар устун бўлиб қолди?
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи — маънавиятдир”. Афсуски, рақамли қарамлик айнан оиламизнинг руҳини — маънавиятни заҳарламоқда.
Биз фарзандларимизга мерос қилиб маънавий бойлик эмас, “Wi-Fi” паролини қолдираётган бўлсак, демак, келажагимизни хавф остига қўйяпмиз.
Рақамли қарамлик шунчаки вақт ўғриси эмас, у оилавий ҳаётни ич-ичидан кемираётган “виртуал хиёнат” дир. Экран эр-хотин ўртасидаги самимий дилдан суҳбатлар ўрнини эгаллаб олди.
Бир-бирига яқин бўла туриб, экран ортига яшириниш — бу муносабатларнинг энг қашшоқ кўриниши, яъни “биргаликдаги ёлғизлик” дир.
Статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, оилавий ажримларнинг сезиларли қисмига айнан ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиш, жуфтига эътиборсизлик ва виртуал дунёдаги сохта ҳаёт сабаб бўлмоқда. Бу борада Президентимизнинг “Маънавият ва маърифат иши — бу соатбай ёки кунбай қилинадиган юмуш эмас, бу виждон иши, ватанпарварлик ишидир”, деган сўзлари ҳар бир оила соҳиби учун дастуриламал бўлиши керак. Оиладаги маънавий муҳитни асраш — бу экрандан назарни узиб, ўз яқинининг қалбига қулоқ солишдан бошланади.
Энг аянчлиси, ота-онанинг смартфони фарзанд учун энг хавфли рақобатчига айланди. Бола тарбиясидаги энг катта инқироз — ота-онанинг жисмонан уйда бўлса-да, руҳан виртуал оламда изғиб юришидир. Бир тасаввур қилинг: мурғак болакай илк чизган расмини ҳаяжон билан олиб келганда, ота ёки онанинг нигоҳини телефондан узмай, юзаки “яхши” деб қўйиши — бола учун рад этилиш ва севилмаслик билан баробар. Бундай “ҳиссий кўрлик” келажакда фарзандимизда паст ўз-ўзини қадрлаш ҳиссини ва одамларга нисбатан ишончсизликни шакллантиради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботи эса фарёд чекади: рақамли қарамлик туфайли ҳар ўн ўсмирдан бири психологик инқирозга юз тутмоқда. Президентимизнинг: “Биз учун энг катта хавф — бу ёшларимизнинг онгини ёт ғоялар ва маънавий бузуқликлар эгаллаб олишидир”, деган огоҳлантириши нафақат ташқи кучларга, балки бизнинг бефарқлигимиз туфайли телефонлар орқали кириб келаётган “виртуал бўшлиқ” қа ҳам тегишлидир.
Қафасни очиш ва маънавий уйғониш вақти келди
Рақамли қарамлик — бу шунчаки одатий муаммо эмас, балки миллий ўзлигимизга, оилавий пойдеворимизга таҳдид солаётган маънавий таназзулдир. Агар бугун уйғонмасак, эртага фарзандларимиз бизга юзланиб: “Сиз бизга дунёдаги ҳамма матоҳни бердингиз, фақатгина меҳрингизни ва эътиборингизни бермадингиз!” — дея айблаши муқаррар. Ҳақиқий ўзгариш назоратни ўз ихтиёримизга қайтаришдан бошланади.
Бизга “муқаддас зоналар” керак — оилавий дастурхон атрофида, фарзандлар даврасида телефонларни нафақат ўчириш, балки қалбларни бир-бирига очиш маданияти зарур. Кўз билан мулоқот қилиш қонунини қайта тиклашимиз шарт. Президентимиз таъкидлаганидек: “Оила — жамиятнинг асосий бўғини, агар оила тинч ва мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади”. Оилани мустаҳкамлаш эса, энг аввало, уни виртуал занжирлардан халос этишдан бошланади.
Унутмайлик, энг муҳим “алоқа” — бу интернет тезлиги ёки “Wi-Fi” сифати билан эмас, балки инсоний меҳр, самимий суҳбат ва қалбдан-қалбга узатиладиган ҳаётий ришта билан ўлчанади. Бугун ҳаракат қилинг, телефонингизни четга қўйинг ва фарзандингизнинг нигоҳига боқинг. Чунки ҳақиқий ҳаёт — экран ортида эмас, Сизни севадиган инсонларнинг кўзларида мужассам.
Алоуддин Ғаффоров,ЎзА