Виқорли тоғлар устидаги Чунгурак қишлоғи
Саёҳат манзиллари
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги тоғли қишлоқлар Ғилон, Кўл, Сарчашма ва бошқалар ҳақида кўп ҳикоя қилганмиз. Аммо ушбу ўлкада ҳали биз бормаган саргузаштларга бой манзиллар жуда кўп экан. Улардан бири денгиз сатҳидан қарийб 2 минг метр баландликда жойлашган Чунгурак қишлоғидир.
Бу қишлоққа Ҳисорак МФЙ марказидан борилади. Масофа ҳам унча узоқ эмас, лекин тоғнинг тепасида жойлашгани боис йўлда ҳаракатланиш машаққатли. “Ҳисорак” маҳалласи марказидан “УАЗ” машинасига ўтирдик. Ғилон йўлига тушдик ва чапга бурилиб, тоғ тепасига қараб илон изи йўллардан ҳаракатланишни бошладик. Тепага қараб юрар эканмиз, машина мотори чинқириб гувуллайди. Йўлда тўхтаб совитамиз. Ўзини Рўзи Норқулов дея таништирган шофёр қишлоғи ҳақида ғурурланиб гурунг беради.
– Бу йўлни отам раҳматлик бош-қош бўлиб қурдирган, – дейди Рўзи Норқулов. – Отам бўлим бошлиғи бўлганларда. 80-йилларгача қишлоққа машина борадиган йўл бўлмаган. Одамлар сўқмоқ йўлдан кўч-кўронини кўтариб чиқиб тушган. Ота-боболаримизнинг айтишича, қишлоққа чиқаётиб соқоли ерга теккунча эгилиб қолган экан. Шунинг учун қишлоғимизнинг иккинчи номи “азобак” ҳам деб юритилади. Бир йил давомида оғир техникаларда йўл қуриб битказилган. Мана ҳозир биз авлодлар буни мевасини еяпмиз.
Юқорилаб борар эканмиз, чап томонимизда “Ҳисорак” сув омбори ва унга қуйилувчи дарё ирмоқлари кафтдек кўринди. Бироз тўхтаб ушбу манзараларни фото кадрларга жойладик. Ниҳоят қишлоқнинг бошланишидаги уйлар кўрина бошлади. Шофёр етиб келганимизга ишора қилди. Ушбу қишлоқ тоғнинг устида жойлашган бўлсада, ҳудудда чорвачилик, деҳқончилик яхши ривожланган. Аҳолининг асосий даромади мана шу тармоқлардан. 170 дан зиёд хўжалик истиқомад қилаётган ушбу қишлоқ табиати ўзгача, ҳавоси мусаффо, қишлоқ марказида булоқ суви доим оқиб туради. Шунча баландликда ер қаъридан булоқларнинг жилдираб оқиб туриши ҳақиқий мўъжиза.
Рўзи Норқулов бизни қишлоқ аҳолисининг томорқалари жойлашган “Чаппа сув” деб аталувчи кенгликка бошлаб борди. Қарийб 45-50 гектарлик майдонда жойлашган ушбу ер аҳолига 10 сотихдан томорқа учун бўлиб берилган. Қишлоқдаги деярли ҳамма хонадоннинг бу ерда томорқаси бор. “Чаппа сув” деб аталашига келсак, ер майдонининг қуёш ботар томонида сел сувлари йиғиладиган омбор жойлашган. Қишки ва баҳорги ёғингарчилик натижасида омборга кўп миқдорда сув йиғилади ва шу сув аҳолининг ёз бўйи томорқаларини суғориш учун хизмат қилади. Ундан чиқаётган сув эса кун чиқарга қараб оққани учун чаппа сув деб номланган.
Қишлоқ аҳолиси, томорқага картошка, нўхат, чорваси учун озуқабоп ва бошқа экинлар экиб фойдаланади. Биз борган пайтда томорқалардаги етилиб пишган картошкалар кавлаб олинаётган экан. Тўхтаб деҳқон билан бироз суҳбатлашдик.
– 10 сотих томорқамиз бор, – дейди 65 ёшли Эшпўлат Шарипов. – Унга эрта баҳорда картошка экканмиз. Мана бугунга келиб пишиб етилди. 2 тоннадан зиёд ҳосил олдик. Шукр даромади ёмон эмас. Ёз бўйи меҳнат қиламиз. Сув етарли, тупроғимиз унумдор фақат меҳнат қилишимиз керак. Фарзандлар, набиралар бизга ёрдамчи, ҳосилдан улар ҳам улушини олишади.
[gallery-13491]
Энг қизиғи бу қишлоқдаги деҳқончилик амаллари барча-барчаси қадимий усулда бажарилади. Ерга ишлов бериш эскича омочлар билан эшак, ҳўкиз ёрдамида амалга оширилади. Ҳатто нўхат каби дуккакли ўсимликларнинг ҳосилини йиғиштириб олиш ҳам ўша қадимий усулда бажарилади. Яъни кенг даланинг ўнгай томонида “Маслаҳат тепа” дея аталувчи тепалик бор ва унинг олдида кенглиги тахминан 150-200 квадрат келадиган майдон жойлашган. Аҳоли орасида тарқалган ривоятга кўра, ушбу жой қишлоқ ташкил этилган қадимги замонларда қишлоқ катталарининг маслаҳат қиладиган, мажлис ва йиғилишлар ўтказадиган жойи ҳисобланган. Шу ердан туриб, қишлоқ раиси аҳолига ўз буйруқ ва топшириқларини етказган экан. Бугун эса ўша тепалик деҳқонларнинг маслаҳат ўтказадиган жойи ва пастдаги майдон эса хирмон вазифасини бажармоқда.
Навбати билан хирмонга деҳқонлар нўхатларини пояси билан ўриб келиб ёйишади, эшак ва ҳўкизлар баъзан УАЗга ўхшаган машиналарда янчишади. Кейин эса шамолнинг эсишига қараб совуришади.
Шунда сомони алоҳида, дони алоҳида бўлиб ажралади.
– Томорқамизда етиштирган нўхат, буғдой, арпа каби экинларни пишиб етилгач навбати билан шу хирмонга олиб келиб тарқатамиз, – дейди Жумақул Ортиқов. – Тўғри, бугун техника-технология ривожланиб кетган, лекин бундай усулда бажаришда ҳам ҳикмат бор. Масалан, ерни оғир техникада ҳайдасангиз қотиб қолади, ҳосилдорлик камаяди. Ҳам харажати катта. Жайдари усулда уни текинга бажарамиз. Донларни ажратиб олишда ҳам шамолнинг кучидан фойдаланамиз. Хирмонни ота-боболаримиз бежизга мана шу ерга қуришмаган. Сабаби айни шу жойда шамол қаттиқроқ эсади ва дон сомондан яхши ажралади. Шу боис ота-боболаримиз тажрибасига таяниб иш қиляпмиз.
Дарҳақиқат, ўйлаб қоласан, бугун атрофимизни тобора техника технологиялар қамраб олаётган бир пайтда табиийликни сақлаб қолиш ҳам бир маҳорат. Асл ҳикмат мана шунда, дейди чунгуракликлар. Экинларга ҳам бирорта кимёвий препаратлар сепилмас экан. Ўғитлар ҳам маҳаллий, қойил қолмай илож йўқ. Техникалар кам, шу сабаб ҳаво ҳам мусаффо.
Йўл-йўлакай сув омборини ҳам бориб кўрдик. Каттагина баҳри муҳит. Йил охирлаб қолган бўлсада, ҳали омборда сув бор. Ҳамроҳимиз Рўзи Норқулов унда балиқлар ҳам борлигини таъкидлади. Шу ерлик оқсоқолларнинг айтишича, қишлоқнинг илк шаклланиши айнан шу сув омбори жойлашган ерда бўлган. Кейинчалик келишилган ҳолда юқорироққа кўчиб чиқишган ва сув йўлини тўсиб сув омбор ташкил қилинган. Шуни эвазига ёз мавсумида деҳқончилик қилиш имкони яратилган ва шу ерларда етиштирилган ҳосил бутун қишлоқни боққан ва бугунги кунгача ҳам шундай бўлиб келмоқда.
Даладан қайтиб қишлоқ марказидаги булоқ бошида тўхтадик. Қониб унинг сувидан ичдик. Руҳимиз ором олди. Ичимлик сувини қишлоқ аҳолисининг кўпчилиги шу булоқдан ташиб ичишар экан. Қолганлар артезиан қудуқлардан чиқаётган сувдан фойдаланишади. Аммо очиғини айтиш керак қишлоқда йўл ва ичимлик суви билан боғлиқ жиддийгина муаммолар бор.
Ҳовлилардаги нашвати ва ноклар ғарқ пишган. Кўрган куз қувнайди. Тоғ одамлари жуда самимий бўлишади. Оғир тоғ шароитида яшаётган бўлсада, ҳаётидан, ўтаётган кунидан рози. Тилидан шукроналик каломлари аримайди. Яқинда қишлоқнинг тиббиёт пункти ҳам таъмирлаб берилибди. Бу воқеани ҳам улар катта қувонч билан тилга олишди.
Табиий шароитда етиштирилган қовурилган картошка ва қовуриб хумларга солиб қўйилган гўштнинг таъми оғзимизда қолди. Қишлоқдан қайтар эканмиз қуёш баланд тоғлар орқасига секин бота бошлади. Қишлоқнинг бошланиши ҳисобланган баланд нуқтадан яна қишлоққа боқдик. Табиат аталмиш буюк рассом чизган гўзалликдан баҳра олдик ва ортимизга қайтдик.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА.