Вилоят суди замонавий бинода
Бухорода вилоят судининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди. Тўрт қаватли янги бино энг замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган. Унда фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида видеоконференсалоқа, инфокиоск, корпоратив тармоқ тизимлари ишга туширилган.

Тантанали очилиш маросимида Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов, Ўзбекистон Судьялар ассоциациясининг раиси Убайдулла Мингбоев сўзга чиқиб, суд тизимида фаолият юритувчи судья ва ходимларни янги бино очилиши билан қутлади. Шунингдек, Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланганлиги қайд этилди.

Бухоро вилоятида бугунги кунда вилоят суди ҳамда вилоят маъмурий суди, Жиноят ишлари бўйича 13 та шаҳарлар ва туманлар судлари, фуқаролик ишлари бўйича 6 та туманлараро судлар ҳамда 6 та туманлараро иқтисодий судлар инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида фаолият олиб бормоқда. Тизимни ислоҳ қилиш доирасида судлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соҳада рақамлаштиришни кенгайтириш, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни яратиш бўйича ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, вилоят суди маъмурий биносининг замон талаблари асосида қуриб, фойдаланишга топширилаётгани ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси десак, муболаға бўлмайди.

Мазкур маъмурий бинони қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун салкам 12,0 миллиард сўм маблағ сарфланди. Қурилиш ишлари Зиёдулла Яҳёев раҳбарлигидаги “ЗИЁ ШАҲРИЁР ҚУРИЛИШ” МЧЖ бунёдкорлари томонидан амалга оширилди. Тадбирда қурилиш ишларида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Иштирокчилар яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Суд биносининг атрофини ободонлаштириш мақсадида манзарали ниҳол кўчатлари ҳам экилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.