Вилоят ҳокими мактаб ўқувчисига ноутбук совға қилди
Марказий Фарғона чўли ҳудудига қадам қўярканмиз, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Ёзёвонда ёз ёмон, қиздирармиш офтоблар” деб бошланадиган шеъри ёдимизга тушди.
Марказий Фарғона чўли ҳудудига қадам қўярканмиз, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Ёзёвонда ёз ёмон, қиздирармиш офтоблар” деб бошланадиган шеъри ёдимизга тушди. Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романидаги қаҳрамонлар гавдаланди. Бепоён тўқайзорлар ўрнида бугун боғ-роғлар, обод масканлар барпо этилган бўлиб, қишлоқлар кундан-кунга чирой очмоқда. Бугун Ёзёвон туманида катта ўзгаришларнинг, янгиланишларнинг гувоҳи бўласиз. Одамларнинг турмуш даражаси ҳам ошиб, ислоҳотлар ўзининг амалий самараларини кўрсатмоқда. Биргина “Обод қишлоқ” дастури асосида Қатортол, Қоратепа, Янгиобод, Такалик, Иштирхон каби қишлоқлар обод масканга айланди.

Туман марказидан 35 километр узоқликдаги “Янги бўстон” маҳалла фуқаролар йиғини қум барханлари билан туташган ҳудудда жойлашган. Йиғинда 124 та хонадон бўлиб, 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Дастур асосида жорий йилда бу ерда ҳам кенг кўламдаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари бажарилди. Кўчаларга асфальт ётқизилди, ичимлик суви билан таъминланди.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев энг чекка ҳудуд ҳисобланган мазкур маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, аҳоли билан мулоқот қилди. Ўз ечимини тополмаётган муаммоларини тинглаб, амалий ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берди. Қўқон – Андижон автомобиль йўлида аҳоли учун бозорча қуриб беришни ваъда берилгани янги бўстонликларни қувонтириб юборди.

Бугунги кунда Халқ қабулхоналари ва секторлар раҳбарларининг аҳоли муаммолари билан ишлаши янги стратегия ва тизим асосида ташкил этилмоқда. Аҳоли билан мулоқот янгича ёндашув – давлат идораларининг бевосита биринчи раҳбарлари энг оғир, энг чекка, энг олис ҳудудларга чиққан ҳолда, маҳаллама-маҳалла, қишлоқма-қишлоқ, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш асосида ташкил этишга киришилди. Вилоят Халқ қабулхонасидан олинган маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган даврида 4 та сектор раҳбарлари томонидан 94 та қабуллар ўтказилиб, 5 минг 293 та мурожаатлар келиб тушган. 3 минг 225 та мурожаат амалий ҳал этилиб, қолгани назоратга олинган. Шунингдек, шаҳар ва туманларда уйма-уй юриш натижасида аниқланган аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни сектор раҳбарлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар ходимлари биргаликда ҳал этиш чораларини кўрмоқда.
Вилоят ҳокимининг чекка қишлоқдаги учрашувида ишчи гуруҳ томонидан 55 та хонадонга кирилиб, у ерда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашилди. Қишлоқда мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш, кўмир билан таъминлаш, бандлик каби масалаларда муаммо аниқланган. Уларни ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
33-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Сайфиддин Райимбоев 2-гуруҳ ногирони бўлса-да, ахборот технологияларини ўрганишга қизиқади. У анчадан буён ўзининг шахсий компьютери бўлишни орзу қиларди. Қишлоғида бўлиб ўтган учрашувда унинг бу орзуси ушалди. Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу ўқувчига ноутбук совға қилди.
Бу каби самимий мулоқотлар аҳолининг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини оширишга кенг имконият яратади.