Вилоят ҳокими мард, жасур жангчи хонадонида бўлди
Сурхондарё вилояти Термиз туманида Муҳиддин Эштемиров номли маҳалла бор. Бу маҳалланинг ёшу-қариси мустақилликнинг илк йилларида сарҳадларимиз дахлсизлиги ва бугунги тинч, осуда ҳаётимиз учун жон фидо қилган сержант Муҳиддин Эштемиров билан фахрланиб яшайди. Байрамлар арафасида мард, жасур ўғлон камолга етган Манзура момо Диллаева хонадони турли соҳа вакиллари, ҳарбийлар, ёшлар ва маҳалладошлари билан янада гавжум бўлади.
Қуролли Кучларимиз сафида шартнома асосида хизмат қилган сержант М.Эштемиров 2001 йил Сариосиё ва Узун тумани тоғларида тинч, фаровон турмушимизни бузишга уринган жангариларга қарши беаёв курашиб, Ватанга садоқати ва она тупроғига муҳаббатини намоён этди.
Сариосиё туманининг тоғли ҳудудларида номаълум қуролланган шахсларнинг ҳаракатлари ҳақида маълумот олингач, сержант М.Эштемиров хизмат қилаётган бўлинма шахсий таркибига жанговар вазифа қўйилди. Қалтис вазиятда разведка-қидирув ҳаракатларини олиб борган 26 ёшдаги Муҳиддин ҳолатнинг жиддийлигини инобатга олиб, ўта сергаклик билан ҳаракат қилди ва теварак-атрофни синчковлик билан кузатди. Кутилмаганда пистирмага дуч келди. Террорчилар билан жангга киришиб, икки жангарини ер тишлатди. Пистирма томон қўл гранатасини улоқтириб, пистирма ҳақида сафдошларига хабар беришга улгуриб қолди. Жуда қисқа отишмада сержант Муҳиддин Эштемиров жасорат кўрсатди. Бироқ ўзи ҳам мардларча ҳалок бўлди.
[gallery-10289]
Ватан осайишталиги учун жонини фидо қилган ботир, мард жангчининг ҳаёт билан видолашганига йигирма йилдан ошган бўлса-да, у халқимиз қалбида абадий яшамоқда. Унинг жасоратга йўғрилган ҳаёт йўли ёшларга ибрат қилиб кўрсатилмоқда. Муҳиддиннинг мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда кўрсатган қаҳрамонлиги вафотидан сўнг давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланди. “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 10, 15, 20 йил”, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонлари билан мукофотланди. У таълим олган мактабда халқимиз тинчлиги учун кўрсатган жасорати ўз аксини топган бурчак ташкил этилган. Ҳарбий қисмларда унинг қасамёдига содиқлиги ўз ифодасини топган сурат ва лавҳалар ёш ҳарбийлар учун том маънодаги ибрат мактаби вазифасини ўтамоқда. Қасамёдига содиқ жангчи улғайиб, вояга етган маҳаллага Муҳиддин Эштемиров номи берилган.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов ҳам Муҳиддин Эштемиров улғайган хонадонда бўлиб, унинг ёрқин хотирасини ёдга олди. Ватанга содиқ, мард фарзандни тарбиялаган Манзура момо билан суҳбатлашиб, байрам совғаларини топширди.
– Ўғлим Муҳиддинжон қисқа, аммо жасоратга тўла умри давомида келгуси авлодларга ҳам намуна бўладиган ҳаёт йўлини босиб ўтгани қалбимга таскин беради, – дейди М.Эштемировнинг онаси Манзура Диллаева. – Мамлакатимиз равнақи, хонадонларимиз осойишталиги учун жонидан кечиб, Ватан ҳимоясида жасорат кўрсатди. Ҳар йили байрамлар арафасида ҳарбийлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари уйимизга келиб, ҳол-аҳвол сўраб турибди. Моддий-маънавий қўллаб-қувватлашмоқда. Жигарбандимнинг халқимиз қалбида абадий яшаётгани бизга далда бўлмоқда. Бунинг учун давлатимиздан чексиз миннатдормиз.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА