Вера Толпеевага давлат раҳбарининг табриги етказилди
Хотира ва қадрлаш куни арафасида Жиззах вилояти прокурори Бахтиёр Иброҳимов Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси мақомига тенглаштирилган, 99 ёшли Вера Толпееванинг хонадонига ташриф буюрди. Вилоят прокурори Президентимизнинг Вера момо Толпеевага шахсан йўлланган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 19 февралдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига кўра, Вера Толпеевага ином этилган бир марталик 25 миллион сўмлик пул мукофоти ҳамда “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медали тантанали равишда топширилди.
Асли она юрти Украина бўлган Вера Толпеева Иккинчи жаҳон урушининг илк кунларидан асирликка тушиб қолади ва немис концлагерларида маҳбуслар қаторида яшашга мажбур бўлади.
Концлагердан озод этилгач, ёш Вера урушдан сўнг ўша даврдаги комсомол чақириғи билан Ўзбекистонга жўнатилади.
Вера Толпиеева меҳнат фаолияти давомида Жиззах шаҳрида мамлакат иқтисодиётига, қурилишига, ободончилигига, Жиззахнинг кўркам ва гўзал шаҳарга айланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.
Украин қизи шу ерда оила қурди, фарзандларини тарбиялади. Гарчи бугунги кунда хасталаниб, тўшакка михланиб қолган бўлсада, фарзандларининг қарамоғида эканлигидан, давлатимизнинг доимий ғамхўрлигидан миннатдор эканини айтишга қувват топа олди.
Жиззах гарнизони вакиллари ва фахрийнинг оила аъзолари иштирокида ўтган тадбирда онахон сингари фахрийлар доимо эъзозда эканлиги алоҳида таъкидланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари