Венесуэладаги сўнгги воқеалар туфайли глобал сиёсий майдонда жиддий шов-шув кўтарилди. АҚШ аралашуви мамлакат ҳаётига бевосита таъсир кўрсатиб, миллий суверенитет масаласини кун тартибига олиб чиқди. Шу билан бирга, бу ҳодисалар Лотин Америкаси минтақавий хавфсизлиги, халқаро дипломатик меъёр ва глобал иқтисодий барқарорлик нуқтаи назаридан муҳим баҳс-мунозарага сабаб бўлди.
ЎзА суҳбатдоши – Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Сайфиддин Жўраевнинг фикрича, “Венесуэладаги воқеалар нафақат миллий суверенитет ва халқаро ҳуқуқ тамойилини синовдан ўтказади, балки глобал мультиполяр тартибдаги кучлар ўртасидаги мувозанатни ҳам қайта баҳолашни тақозо этади. Бу жараён, айниқса, ташқи аралашув ва ички сиёсий институтлар ўртасидаги ўзаро муносабатни тушуниш нуқтаи назаридан муҳим”.
Мақолада АҚШнинг Венесуэлага ҳарбий аралашуви халқаро ҳуқуқ ва ички сиёсий барқарорлик контекстида таҳлил қилинади. Шунингдек, Лотин Америкасидаги хавфсизлик, глобал мультиполяр тизим, нефть бозори ва халқаро инвестицияга таъсири баҳоланади. Ҳар бир масала эксперт фикри ва амалий кузатув билан илмий асосда ёритилади.
– АҚШнинг Венесуэлага ҳарбий аралашуви миллий суверенитетни бузадими ёки вазиятга халқаро ҳуқуқ нуқтаи назардан оқилона ҳаракат сифатида қараш мумкинми?
– Ҳозир Венесуэлада сиёсий жараён барқарорлашган, давлат идоралари фаолият юритмоқда. Олий суд қарори билан муваққат Президент фаолиятини бошлаган, мамлакатдаги сиёсий институтлар ишини давом эттирмоқда.
Дастлабки кунларда аҳоли орасида тушунмовчилик кузатилган бўлса, сўнгги кунларда бу ҳолат, деярли, бартараф этилган. Шунга қарамай, хорижий аралашув миллий суверенитетга бевосита таҳдид солади, чунки ички сиёсий жараёнга ташқи босимни ҳосил қилади. Халқаро ҳуқуқ доирасида бундай аралашув одатда оқилона ҳисобланмайди, ҳатто муросали музокара ва дипломатик асосга таянган бўлса ҳам.
Венесуэла муваққат Президенти Делси Родригес музокара олиб бориш хусусиятини намоён этиб, ўз ҳаракати билан АҚШнинг ташқи сиёсат стратегиясига мос келмоқда. Шу аснода ички барқарорликни сақлаб қолиш ва давлат идоралари самарадорлигини ошириш тарафдори бўлган янги ҳукумат шаклланмоқда.
– Ҳолат Лотин Америкадаги бошқа давлатлар хавфсизлигига қандай бевосита ёки билвосита таҳдид солиши мумкин?
– Венесуэладаги воқеалар нафақат ички, балки минтақавий аҳамиятга ҳам эга. АҚШ Ғарбий ярим шарга диққатни ошириши долзарбликни янада оширади. Бундай аралашув бир муддат Венесуэлани нотинчликка олиб келиши баробарида қўшни давлатлар хавфсизлигига бевосита ва билвосита таҳдид пайдо қилади. Шунингдек, минтақавий хавфсизликни заифлаштиради. Яъни, геосиёсий мувозанатни ўзгартиради, минтақадаги иқтисодий-сиёсий алоқаларда ноаниқлик ҳосил қилади. Қолаверса, бу жараён Қўшма Штатларнинг “Америка манфаати биринчи” тамойилига мувофиқ, муайян давлатлар сиёсий эркинлигини чеклашга интилишини кўрсатади.
– Ғарб давлатлари ва Россия, Хитой каби кучлар Венесуэладаги воқеаларга турлича муносабат билдираётгани глобал мультиполяр тартибга қандай таъсир қилади?
– Албатта, бундай қарашлар табиий. Аслида, томонлар турлича фикр билдирган бўлса-да, муносабатларда кескин ҳарбий ёки дипломатик тўқнашув кузатилмади. Бу ҳолат глобал кучлар ўртасида очиқ зиддият эмас, балки таъсир доирасини қайта белгилаш жараёни кечаётганини кўрсатади.
Ғарб давлатлари Венесуэладаги вазиятга асосан демократия, инсон ҳуқуқи ва легитим ҳокимият нуқтаи назаридан ёндашаётган бўлса, Россия ва Хитой суверенитет ва ички ишга аралашмаслик тамойилини устувор қўймоқда. Бу ҳолат глобал мультиполяр тартибда кучлар ўртасидаги мувозанат янада мураккаблашаётганини англатади. Эндиликда халқаро тизим манфаатлар мувозанатига асосланган кўп қутбли модель сари ҳаракатланмоқда.
– Венесуэлада сиёсий барқарорлик ўрнатиладими, ички ижтимоий тизимда ўзгаришлар кузатиладими? Қонуний ҳукумат билан мухолифат ўртасидаги муносабат қандай шаклланади?
– Тахминимча, ички сиёсий тизим қисқа муддатда издан чиқмайди. Аксинча, ҳокимият институтлари фаолликни сақлаб қолган ҳолда, вазиятни назорат қилишга интилади. Давлат бошқаруви, хавфсизлик тузилмалари ва ижтимоий хизматлар узлуксиз ишлаётгани сиёсий барқарорлик сақланишидан далолат.
Ўрта муддатда янги ҳукумат шаклланиши эҳтимоли кучаяди. Мухолифат билан ҳукумат муросасига асосланган сиёсий мулоқот ўрнатилиши мумкин. Бундай ёндашув Венесуэлада кўп йилдан бери давом этиб келаётган сиёсий қарама-қаршиликни юмшатиб, ижтимоий тизимни барқарорлаштириш учун имкон яратади.
– БМТ ва халқаро ташкилотлар Венесуэладаги ҳолатга нисбатан кучли позиция эгаллаб, глобал дипломатик стандарт ва қонунийликни белгилай оладими?
– Фикримча, Венесуэладаги вазият ҳозир БМТнинг халқаро муносабатлардаги асл имконияти чекланганини яна бир бор кўрсатди. Халқаро институт сифатида ташкилотнинг таъсири пастлиги сезилди. Аниқроғи, йирик давлатлар ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви ягона позиция шаклланишига тўсқинлик қилди.
Шу билан бирга, бу ҳолат БМТнинг аҳамияти йўқ, дегани ҳам эмас. Аксинча, глобал можароларга универсал жавоб бера оладиган ягона платформа ҳануз БМТ экани Венесуэла мисолида тасдиқланди. Мазкур вазият тузилмани ислоҳ қилиш, можароларнинг олдини олиш, вазиятни тартибга солиш механизмини замон талабига мослаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқди.
– Венесуэла воқеалари нефть бозори, хорижий инвестиция ва глобал иқтисодий барқарорлик билан боғлиқ жараёнга қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин?
– Бу воқеалар фонида дунё нефть бозорига эгалик қилиш ёки вазиятни бошқариш тизими ўзгараётгани кўринди. Венесуэла ер юзидаги энг йирик нефть захирасига эга давлат. Шу боис ушбу мамлакатга дахлдор ҳар қандай сиёсий беқарорлик энергетика бозорига хавф туғдиради.
Ҳозирча жаҳон нефти нархида кескин ўзгариш кузатилмаган эса-да, истиқболда Венесуэладаги сиёсий жараён янги инвестиция оқимини белгилай олади. Барқарорлик таъминланса, мамлакат энергетика бозорида яна фаоллашади. Глобал иқтисодий рақобат, геоиқтисодий кураш кучаяди.
– АҚШ Венесуэладаги ҳарбий амалиётга қандай тайёргарлик кўрди?
– Дональд Трамп Венесуэлага оид ҳарбий-сиёсий ҳаракатни Қўшма Штатлар тарихидаги жуда самарали куч намойиши сифатида баҳолади. Ушбу сиёсий жараён узоқ муддатли разведка ва дипломатия тайёргарлиги асосида амалга оширилгани аниқ.
Ҳодиса тарихий жиҳатдан “Монро доктринаси” билан уйғунлик касб этган. Мазкур ҳужжат Америка қитъасини ташқи кучлар аралашувидан ҳимояланган ҳудуд сифатида белгилайди. Бугунги шароитда бу ғоя замонавий шаклда қайта намоён бўлиб, АҚШнинг Ғарбий ярим шардаги стратегик манфаати қатъий ҳимоя қилиниши сиёсатини акс эттирмоқда.
Мусулмон Зиё суҳбатлашди. ЎзА