Венецияда сайёҳлар учун кириш тўлови 30 еврога кўтарилади
Венецияга қисқа муддат келувчи сайёҳлар учун кириш тўлови сезиларли даражада қимматлаши кутилмоқда. "Bild" нашри хабар беришича, ҳозир дам олиш ва байрам кунлари олинадиган 5 ёки 10 евролик бадал миқдори 2027 йилдан бошлаб 30 еврога чиқиши мумкин.
Шаҳар ҳокимияти амалдаги нарх сайёҳлар оқимини жиловлаш учун етарли эмас, деб ҳисоблайди. Гарчи сайёҳлик солиғи молиявий жиҳатдан ўзини оқлаб, 2026 йил шаҳар бюджетига 5 миллион евродан кўп даромад келтирган бўлса-да, гавжумлик муаммоси сақланиб қолмоқда. Маҳаллий расмийлар тўлов миқдори оширилиши сайёҳларни пул ундирилмайдиган, нисбатан санжаброқ кунларда саёҳат қилишга ундашидан умидвор.
Жорий йил 27 июлига қадар синов тариқасида амал қилган 5 ва 10 евролик йиғим фақат байрам, дам олиш кунлари ундирилган эди. Ҳозир шаҳарга кириш бепул, янги тизим 2027 йил Пасха байрамидан бошлаб жорий этилиши мўлжалланган. Фақат бунинг учун ҳукумат розилиги талаб этилади.
Шаҳарда бир неча кун қоладиганлар учун ҳам харажат ошиши мумкин. Яъни, маъмурият томонидан меҳмонхона ва ижара хонадонларида истиқомат қилувчилар учун ҳам солиқни ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА