Велоспортчиларимизнинг навбатдаги муваффақиятлари
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида велоспортнинг трек йўналиши бўйича ўтаётган “Silk Way Series Astana – 2026” халқаро мусобақасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна 3 та медални қўлга киритди.
Қувонарлиси, мусобақанинг иккинчи кунида ҳам ҳамюртларимиз юқори натижаларни қайд этиб, шоҳсупадан жой олди. Айниқса, C1 класс доирасида ўтказилган “Elimination” ва “Madison” дастурларида ўзбекистонлик спортчилар муносиб иштирок этди.
Эркаклар ўртасидаги “Elimination” дастурида Сергей Ростовцев барча рақибларини ортда қолдириб, мусобақа ғолиби бўлди ва олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, аёллар ўртасидаги “Madison” пойгасида Самира Исмоилова ҳамда Асал Ризаева жуфтлиги ўзларидан анча тажрибали рақибларга қарши муносиб кураш олиб бориб, бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақанинг эътиборли жиҳатларидан бири ғолиб жуфтликнинг микст шаклида иштирок этгани бўлди. Унда Нафосат Қозиева ва литвалик Аквиле Гедрайтите биринчи ўринни эгаллади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА