Велоспортчиларимизнинг муваффақияти
Ўзбекистонлик велопойгачилар Қозоғистондаги халқаро турнирда уч карра зафар қучди.
Қозоғистонда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Школьник Казахстана» халқаро велопойга мусобақаси Ўзбекистон терма жамоаси учун муваффақиятли якунланди.
Саломбек Ҳасанов 90 километрлик гуруҳ пойгасида ғолиб бўлган бўлса, Шоислом Шоакмалов мусобақанинг умумий ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Фазлиддин Эргашев эса «Тоғ велопойгачиси» номинациясида энг яхши натижани қайд этди.
Мусобақанинг 7-босқичидан ўрин олган 90 километрлик гуруҳ пойгасида Саломбек Ҳасанов 2 соат 9 дақиқа 38 сония натижа билан барча рақибларини ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб етиб келди. Унинг ғалабасига терма жамоа аъзолари Фазлиддин Эргашев, Чингиз Чўлиев, Шоислом Шоакмалов, Абдуваҳоб Юсуфжонов ва Манучеҳр Абдурасулов ҳам муносиб ҳисса қўшди.
Турнирнинг барча босқичлари якунлари бўйича умумий ҳисобда Шоислом Шоакмалов энг юқори натижани қайд этиб, мусобақа чемпионига айланди. Фазлиддин Эргашев эса бир неча кун давомидаги барқарор иштироки билан «Тоғ велопойгачиси» номинациясида ғолиб деб топилди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси «Школьник Казахстана» халқаро велопойга мусобақасида умумжамоа ҳисобида ҳам биринчи ўринни қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА