Велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини биласизми?
Йўл ҳаракати иштирокчилари орасида нафақат автотранспорт воситалари ва пиёдалар, балки велосипедда ҳаракатланувчилар ҳам бор.
Шу пайтгача юртимизда йўллар, пиёдалар йўлаклари мавжуд бўлган бўлса, эндиликда велосипед йўлакчалари ҳам пайдо бўлмоқда. Бундай йўлакчалар борлиги велосипедни истаганча бошқариш мумкин, дегани эмас. Чунки велосипедда ҳаракатланишнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Бу қандай қоидалар?
- Атроф-муҳитнинг ифлосланишига қарши курашишнинг энг яхши йўли кўчаларда камроқ автомобиль бўлишидир. Бунда эса велосипедлар муҳим ўрин тутади, - дейди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими Бобуржон Донаев. - Велосипедлар энг тежамкор, сокин ва манёврли транспорт тури ҳисобланиб, йўллар ва тўхташ жойларида камроқ жойни эгаллаши билан аҳамиятли.
Бироқ, велосипед боғлиқ авариялар ҳам учраб туради. Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан берилган маълумотларга кўра, велосипед билан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 2019 йилда 731 та, 2020 йилда 839 та, 2021 йилда 1075 тани ташкил қилган.
Кўрсаткичнинг ортиб бораётгани, йўл ҳаракати иштирокчиларининг велосипедда ҳаракатланиш қоидаларига етарли даражада эътибор бермаслигини англатади.
Қонунчилигимизда велосипед билан ҳаракатланишда бир қатор қоидалар белгиланган бўлиб, ушбу транспорт турини ҳайдашдан олдин тегишли йўл-йўриқларни билиш мақсадга мувофиқдир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 мартдаги 172-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида велосипед ҳаракатланишига доир қўшимча талаблар белгиланган бўлиб, унга кўра, йўлда велосипедни бошқариш 14 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади.
Шунингдек, велосипедлар йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланган.
Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши кераклиги белгиланган.
Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга асосан, велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар сутканинг қоронғи вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементли парчалари бўлган устки кийимда бўлиши шарт.
Ушбу нур қайтарувчи элементли парчалар бошқа ҳайдовчилар томонидан кўриниши таъминланиши керак.
Велосипед ҳайдовчиларига қуйидагилар тақиқланади: рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиш; йўловчи ташиш (ишончли оёқ қўйгич билан жиҳозланган қўшимча ўриндиқда 7 ёшгача бўлган йўловчини ташиш бундан мустасно); габаритдан бўйига ва энига 0,5 метрдан ортиқ чиқиб турган ёки бошқаришга халақит берадиган юкларни ташиш; велосипед йўлкаси бўлган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланиш; трамвайлар ҳаракатланадиган йўлларда ва тегишли йўналишда бўлаги биттадан кўп бўлган йўлларда чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш.
Чорраҳадан ташқаридаги тартибга солинмаган велосипед йўлкаси билан йўл кесишмасида велосипед ҳайдовчилари йўлда ҳаракатланаётган транспорт воситаларига йўл беришлари керак.
- Велосипедда ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик бор?
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 136 ва 138-моддаларида велосипедда ҳаракатланиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Велосипед ҳайдовчисининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст бўлган ҳолда йўл ҳаракати қоидаларини бузиши; велосипед ҳайдовчиларининг йўл ҳаракатини тартибга солувчи сигналларга бўйсунмаслиги, устунлик берувчи, тақиқловчи ёки кўрсатма берувчи йўл белгилари талабларига риоя этмаслиги; велосипед ҳайдовчисининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини белгиланган тартибда аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши жавобгарликка сабаб бўлади.
Бу каби транспорт тури учун белгиланган талаблар илғор хориж давлатларнинг ушбу соҳадаги қонунчилигига деярли ўхшаш эканлигини қайд этиш жоиз. Хусусан, Буюк Британия, Германия, Японияда велосипедларининг ҳаракати йўлнинг ўнг четида, ҳаракатланаётган транспорт бўйлаб юриш тартибига риоя қилинади. Айнан велосипедларнинг жиҳозланиш талаблари ҳам деярли бир хил.
Белгиланган ёш чегараси, ушбу транспортнинг қандай жиҳозланиши лозимлиги ҳамда бу каби транспорт воситасини ҳаракатланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик ҳолатлари бироз фарқ қилади.
Ушбу давлатларда ҳар бир қоидани бузганлик учун алоҳида тартибда жарима жазоси ишлаб чиқилган бўлиб, улар алоҳида қонун билан тартибга солинади. Боиси, қонунларнинг ҳар бири алоҳида транспорт тури учун ишлаб чиқилган ва жавобгарлик масаласи айнан ушбу қонуннинг ўзида кўрсатиб ўтилган.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, фуқаролар томонидан велосипеддан фойдаланишда ҳамда бошқа турдаги транспорт эгалари, пиёдалар юқорида келтирилган қоидаларга амал қилишлари хавфсиз ва қулай йўл ҳаракатини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Велосипеддан ҳаракатланишда ушбу соҳадаги илғор хориж тажрибасини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш йўл ҳаракати фаолиятига оид тартиб-қоидаларнинг янада ривожланишига йўл очади.
Н.Абдураимова, ЎзА