Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Пахтакор туманидаги “Sеmrug’ clustеr” масъулияти чекланган жамияти уруғчилик кластерида уруғлик чигитни тозалаш, туксизлантириш ва дорилаш жараёнлари билан танишди.
Ушбу компания 2019 йил 27 февралда Пахтакор тумани ҳудудида ташкил этилган бўлиб, республикамиздаги уруғчиликка ихтисослашган илк корхона ҳисобланади.
Корхонага Хитой давлатидан илғор, инновацион технологиялар асосида ускуналар олиб келиниб ўрнатилган ва беками-кўст ишлаб турибди. Бугунги кунда МЧЖ 67 нафар доимий иш ўрнига эга, асосан маҳаллий фуқаролар меҳнат қилмоқда.
Салкам 6 йилдирки, илм-фанга суянган ҳолда рақамли технологияларни татбиқ этиш имконини берадиган замонавий корхона унум билан фаолият юритиб келмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазири корхонадаги пахтани чигитдан ажратиб олиш, уруғ тайёрлаш, уни сақлаш жараёнлари ҳамда уруғнинг омборларда сақланиш ҳолатини кўздан кечириб, бу ерда амалга оширилаётган ишларга доир ўз фикр-мулоҳазалари билдириб, тавсияларини берди.
Иброҳим Абдураҳмонов бугунги кунда бу каби корхоналарга замонавий технологияларни ўрнатиш ва юқори технологик тизимларни олиб келиш орқали иш унумдорлигини ва экспорт салоҳиятини янада ошириш мумкинлигини қайд этиб, ишлар кўнгилдагидек кетаётганини таъкидлади.
Айни вақтда ушбу МЧЖ томонидан тайёрланган уруғлик чигитлар “Еlita” ва “R–1” синфига мансуб бўлиб, Жиззах вилояти далаларида экилаётир ва Қозоғистон Республикасига экспорт қилинмоқда.
Шу ўринда Президентимизнинг 2022 йил 6 июлдаги “2022 – 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида “Sеmrug’ clustеr” МЧЖ уруғчилик кластери ғалла ва пахта уруғчилигида ўз брендини яратгани эътироф этилганини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.
[gallery-21185]
Мазкур уруғчилик кластери МЧЖга қарашли пахта майдонининг 82 гектарида томчилатиб суғоришнинг замонавий, тежамкор, инновацион технологияларидан ҳамда ғалла майдонининг 30 гектарида замонавий, ёмғирлатиб суғориш тизимидан фойдаланиб келмоқда. Бу эса сув исрофгарчилигининг олдини олишда ва пахта ҳамда ғалладан юқори ҳосилдорликка эришишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари