Вазир талаба ёшлар билан мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров Андижон давлат тиббиёт институтида бўлиб, талаба ёшлар билан мулоқот ўтказди.
Дастлаб вазир институтнинг ёш олимлари, талабалари эришган ютуқлар, ихтиро, илмий ишлар, илғор ғоя ва ташаббуслар акс этган кўргазма билан танишди. Шундан сўнг Талабалар театр студияси жамоаси томонидан “Дукчи Эшон” спектаклидан парча намойиш этилди.
Соғлиқни сақлаш вазири ёш олим ва талабаларнинг илмий фаолияти ҳамда ютуқларини, айниқса, санъат йўналишидаги иқтидорларини алоҳида эътироф этди.
Таъкидлаш жоизки, қарийб 70 йиллик тарихга эга Андижон давлат тиббиёт институти тиббий йўналишдаги мамлакатимизнинг энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Ўтган давр мобайнида олийгоҳни 40 минг нафардан зиёд талаба тамомлаб, бугунги кунда улар юртимиздаги тиббий муассасаларда самарали фаолият олиб бормоқда.
Айни пайтда институтда 11,3 минг нафар йигит-қиз бакалавриат, 297 нафари магистратура босқичида таҳсил олмоқда. Шунингдек, 665 нафар ёш мутахассис ординатурада, 1 нафари докторантурада, 21 нафари эса таянч докторантурада соҳага доир билимларини мустаҳкамлаш баробарида, илмий фаолият билан шуғулланиб келмоқда. 304 нафар иқтидорли ёшлар эса мустақил тадқиқотчи сифатида илмий изланишлар олиб бормоқда.
Ташриф доирасида вазир институтнинг ўқув-симуляцион маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Марказда талабаларнинг тиббий муляжлардан фойдаланган ҳолда ўтаётган машғулотларида қатнашиб, жараёнлар, уларни янада самарали ташкил этиш юзасидан ўзининг таклиф ва тавсияларини берди. Шунингдек, институтнинг Ахборот ресурс марказидаги тиббиётга оид адабиётлар билан танишди, уларни янада бойитиш юзасидан таклифлар билдирди.
Шундан сўнг “Вазир ва ёшлар” учрашуви доирасида талаба ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Учрашув аввалида институт фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди.
Мулоқотда вазир Асилбек Худаяров тиббиёт соҳасининг қанчалик машаққатли ва шарафли эканлиги, етук мутахассис бўлиш учун қунт билан ўқиш, янги-янги билимларни ўзлаштириш, олинган назарий билимларни амалиёт билан мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
[gallery-20844]
– Андижон тиббиёт институти талабаларида соҳани мукаммал ўзлаштиришга ўзгача шижоат бор, – дейди вазир. Чунки мамлакатимиз тиббиётининг кўплаб соҳаларида айнан андижонлик мутахассислар етакчи ўринларда туради. Ишонаманки, бугунги талабалар ҳам билимларини янада бойитиб, келгусида яхши мутахассис бўлиб етишади, юртимиз тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Очиқ, қизиқарли тарзда ўтган мулоқот давомида талаба ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга Соғлиқни сақлаш вазиридан батафсил жавоб олди.
Мулоқот якунида институтнинг бир гуруҳ иқтидорли, фаол талабалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг фахрий ёрлиғи ҳамда базавий стипендиянинг тўрт баробари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.