Вазир ўз ахборот тизимини танқид қилди
Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов вазирлик марказий аппарати барча ходимлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
Унда вазирлик фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар жамоа иштирокида батафсил муҳокама қилинди.
Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.
– Вазирликдаги дастлабки уч кунлик фаолиятим, умумий вазиятни қисқа муддатдаги ўрганишимдан келиб чиқиб, дастлабки хулосамни айтадиган бўлсам, афсуски, таассуротлар кишини хурсанд қилмайди, – деди вазир. – Жамоада эркин ва ижодий муҳит йўқдай, ходимлар ҳорғин ва ташаббус кўрсатмайди. Сабаби, иш тартиби тўғри ташкил этилмаган. Назаримда, инсон ресурслари нотўғри тасарруф қилинмоқда. Ходимлар ишда кўп вақт қолиб кетиши натижасида жисмонан ва руҳан чарчаган кўринади. Оиласи, фарзандлар тарбиясига эътибор қаратишга улгурмаса керак. Ходимларга, аввало, иш жойида эркин ишлаш, ижодий фикрлаш, қолаверса, дам олиш учун қулай шароит яратиб бериш ва ундан кейин иш унумдорлигини талаб қилиш мумкин.
Йиғилишда вазир айрим тузилмалар фаолиятига ҳам тўхталиб, уларнинг қониқарсиз фаолият юритаётгани, бугунги кун талабларига жавоб бермаслигини қайд этди. Бундан буён ҳар бир бошқарма ва бўлим фаолияти натижадорлиги мониторинг қилиниши, самарали фаолият юритган мутахассислар муносиб тақдирланиши, аксинча, ўз функционал вазифаларини бажармайдиган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши айтилди. Жумладан, вазирлик ахборот хизмати фаолияти ҳам танқид қилинди.
– Ахборот хизмати вазирликнинг юзи бўлиши керак. Бугунги ахборот асрида тезкор ва профессионал ёндашув талаб этилади. Ижтимоий тармоқларда соҳага оид танқидий материаллар эълон қилиниб, жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинаётган бир вақтда, ахборот хизмати томошабин бўлиб туришини қандай изоҳлаш мумкин? Соҳага оид жамоатчиликни қизиқтирган мавзуларда тезкор ахборот бериш, ОАВ билан доимий ижодий ҳамкорлик қилиш ва танқидий-таҳлилий материалларга ўз вақтида муносабат билдириш орқалигина аҳолининг ишончини қозониш мумкин. Бугундан бошлаб жамоа янгича иш тартибига ўтсак: қоғозбозликни имкон қадар камайтириш, ортиқча мажлисбозликка чек қўйиш ва ўз ишимизга меҳр билан муносабатда бўлиб, ундан завқланиб ишлайлик. Агар ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга масъулият билан ёндашиб, бир тану бир жон бўлиб, ҳамжиҳатликда ишласак, ишимизда, албатта, унум бўлади. Шунда халқимиз ва давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ишончни оқлаймиз ва соҳа олдига қўйилган вазифаларни бажарамиз, – деди Абдуқодир Тошқулов.
Вазирнинг айтишича, олий таълим муассасасида мавжуд муаммони кимга айтишини билмай юрган раҳбарларнинг дардини, биринчи навбатда, вазирлик тинглаши ва уни ҳал қилиб бериш чораларини кўриши керак. Олдин тизимдаги раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар учун етарли шарт-шароит яратиш, ундан кейингина улар олдига вазифалар қўйиш тўғри қарор бўлади, деган олий ва ўрта махсус таълим вазири.
ЎзА