Вазир ўринбосари имтиҳонлардаги тартиб-интизом билан танишди
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов касбий (ижодий) имтиҳон жараёнлари билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон давлат консерваториясига ташриф буюрди.
Ташриф давомида Авазхон Тожихонов консерватория ректори Камолиддин Ўринбоев ҳамроҳлигида имтиҳонларнинг ўтказилиш тартиби, яратилган шарт-шароитлар ва тайёргарлик жараёнларини кўздан кечирди.
Шунингдек, маданият вазирининг биринчи ўринбосари А.Тожихонов абитуриентлар билан мулоқотда бўлиб, уларнинг соҳага оид фикр ва таклифларини тинглади.
Учрашувда Маданият вазирининг биринчи ўринбосари ёшларнинг талаба бўлиш орзулари амалга ошишини тилаб, уларни келгусида малакали кадрлар сифатида етишиб чиқиб, ўз билим ва кўникмаларини юрт равнақи ва маданият соҳаси тараққиётига сафарбар этишларига даъват этди.
Авазхон Тожихонов, шунингдек, абитуриентларни кузатиб келган ота-оналар билан суҳбатлашди. Улар учун яратилган шароитлар ва зарур қулайликлар билан танишди, ота-оналарнинг фикр ва таклифларини тинглади.
Ташриф доирасида вазир ўринбосари касбий (ижодий) имтиҳонларга жалб этилган соҳанинг тажрибали мутахассислари билан ҳам мулоқот қилди. Улар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида маданият ва санъат соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, таълим сифатини оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.
Мазкур йўналишларда бажарилиши керак бўлган чора-тадбирлар юзасидан масъул ходимларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Н.Усмонова,
ЎзА