Вазир ўринбосари ҳудуд мактабларини ўрганмоқда
Халқ таълими вазири ўринбосари Иброҳим Жўраев Навоий вилоятининг олис туман, шаҳарларидаги мавжуд умумтаълим мактабларида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда бўлажак сайловларни ўтказишга шайлик ҳолатини ўрганиш мақсадида таълим муассасаларига ташриф буюрди.
Дастлабки манзил олтинтопарлар юрти бўлган Зарафшон шаҳри бўлди. Зарафшон шаҳридаги 13 та мактабда 11-синф битирувчилари 920 нафарни ташкил этиб, шундан 22 нафар битирувчи олтин медаль билан тугатди. 39 нафар битирувчи хорижнинг нуфузли олийгоҳларига муддатидан олдин ўқишга кириб талабалик бахтига муяссар бўлди. 79 нафар битирувчи халқаро IELTS сертификатини қўлга киритди.

Вазир ўринбосари 1-умумтаълим мактабида бўлиб, ажратилган ҳудудни ободонлаштириш, мактаб ошхонасини талаб даражасига келтириш, фин тилини ўргатиш тўгараги хонасини жиҳозлаш тўғрисида ўз тавсияларини берди. Жорий йилнинг октябр ойида бўлиб ўтадиган сайловга умумтаълим муассасаларини шай ҳолга келтириш, сайловчиларга қулай шароитларни яратиш юзасидан таклифларини билдирди.
Томди тумани ҳам географик жиҳатдан ўзига хос. Бу ерда халқ таълими муассасалари тарқоқ жойлашган бўлиб, 17 та мактаб фаолият кўрсатади. Жорий йилда таълим муассасаларини 134 нафар ўқувчи тамомлаб, уларнинг 8 нафари "Олтин медаль"га лойиқ топилди. Битирувчиларга олий ўқув юртларига кириш учун тайёргарлик кўришлари ва қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Бухоро давлат университети ҳамда Навоий давлат педагогика институти билан меморандум имзоланганди. Натижада март ойидан бошлаб 7 та фан бўйича онлайн дарслар ўтказилди.

Вазир ўринбосари 5- ва 8-умумтаълим мактабларини кўздан кечирди. Ёзи иссиқ ва қиши нисбатан совуқ бўладиган мазкур ҳудуддаги мактабларни комплекс тайёр ҳолга келтириш, ёқилғи захирасини тайёрлаб қўйиш, сақлаш омборларининг таъмирталаблари учун талабномаларни шакллантириш, шунингдек, замонавий биноларни сақлаб туриш, мослаштирилганларни дастур асосида жорий ёки мукаммал таъмирлаш бўйича йўл хариталари ишлаб чиқиш топшириқлари берилди.
Вазир ўринбосарига ҳамроҳлик қилган вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Марат Шамуратов ва тизим раҳбарлари тегишли топшириқлар ижроси бўйича ўз режалари ва фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Абдували Бўриев, ЎзА