Вазир кубоги мусобақасининг финал баҳси бошланди
Сурхондарё вилоятида спортнинг футбол тури бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” учун ўқувчи-қизлар ўртасидаги мусобақа қизғин давом этмоқда.
Беллашувда мамлакатимиздаги мактабларнинг энг кучли, энг чаққон 7-11 синф ўқувчи-қизларидан иборат 16 та жамоа тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда саралаш баҳсларида тўп сурди. Уч кун давом этган қизиқарли мусобақанинг ўз гуруҳида пешқадамлик қилган Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманидаги 10-мактаб, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги 30-мактаб, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 74-мактаб ва Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги 42-мактаб жамоалари бугун ярим финал баҳсларида майдонга тушди. Эртага беллашувнинг финал баҳси ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.


Мусобақада фахрли биринчи ўринни қўлга киритган жамоа “Дамас” автомашинаси ва 250 миллион сўм, иккинчи ўринни эгаллаган жамоа “Дамас” автомашинаси ва 200 миллион сўм, учинчи ўринга сазовор бўлган жамоа “Дамас” автомашинаси ва 150 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади. Шунингдек, 13 та жамоа қатнашчиларига Спорт вазирлигининг воркаут майдончасини қуриб бериш бўйича ваучери, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 800 миллион сўмлик футбол коптоклари топширилади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА