Ватанпарварлик мавзусида тадбир ўтказилди
Мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда Ватанга садоқат, ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотиш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тадбирлар ёшларда ҳарбий хизматга қизиқишни оширмоқда.
Жиззах вилояти Дўстлик туманида туман ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими туман бўлими ҳамкорлигида 1-,2-,18- ва 20-умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари иштирокида “Ватанга садоқатли ёшлар” шиори остида давра суҳбати ўтказилди.

Маънавият ва маърифат маркази Дўстлик туман бўлинмаси раҳбари М.Исмоилов ватанга хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг олий бурчи эканлиги, халқ ва армия бирдамлиги, шунингдек,
27 октябрь куни ўтадиган сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари, уларда ёшларнинг иштироки ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Тадбирда кўплаб ёшлар ҳарбий хизматга қизиқиш билдирганлиги сабабли, юртимиздаги олий ҳарбий ўқув юртларига курсантларни қабул қилиш шартлари, абитуриентлар қандай имтиҳонлардан ўтиши ва, умуман, ёшлар ҳарбий хизматчилар сафида қандай хизмат қилиши билан қизиқди.

Давра суҳбатида Ватан ҳимоячилари ёшларга Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, юрт ва халқ хавфсизлигини қўриқлаш йўлида мардларча хизмат қилаётганлар ҳақида сўзлаб берди ҳамда соҳага оид видеороликлар намойиш этилди.
Меҳмонлар ёшларга ҳарбий академияларда яратилган шарт-шароитлар, дарслар, машғулотлар қандай ўтиши, тартиб-интизомни сақлашнинг аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритиб, уларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар қайтарди.

Бу каби учрашувлар тумандаги бошқа умумтаълим мактабларида ҳам ўтиши режалаштирилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари