Ватанпарварлик мактаб остонасидан бошланади
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида «Мард, жасур ва садоқатли ватанпарварларни тарбиялаш мактаб остонасидан бошланади!» шиори остида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Тошкент шаҳар Юнусобод, Яшнобод, Сергели туман халқ таълими бўлимлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, курсантлар ва ўқувчи-ёшлар қатнашди

«Очиқ эшиклар куни»дан кўзланган мақсад ёшларимиз орасида миллий армиямиздан фахрланиш ва унга бўлган ишонч ҳиссини ошириш, улар қалбида ватанпарварлик, халқпарварлик фазилатларини янада юксалтириш ҳамда шарафли қутқарувчилик касбига қизиқувчиларни ўз ишига садоқат ва матонат билан ёндашиш сир-асрорлари билан таништиришдан иборатдир.
Тадбирда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, саф меъёрлари, бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди. Иштирокчиларнинг янада қизиқишини уйғотган ёнғин ўчирувчи ва қутқарувчининг жанговар кийимини вақт меъёрлари бўйича кийиш мусобақаси ва қизиқарли викториналар ўтказилди. Шунингдек, ФВВ ёнғин ўчириш ва қутқарув техникаларининг кўргазмали намойиши, ёнғин ўчириш амалий спорти бўйича жанговар ёйилиш кўргазмали чиқишлари, курсантларнинг қўл жанги спорт тури бўйича чиқишлари намойиш этилди.

– Бугунги ёшларимиз орасида миллий армиямиз сафидан жой эгаллашга интилиш орзуси кучайган, –деди ФВВ академияси ўқитувчиси капитан Фарҳоджон Хўжаев. – Зеро, буюк аждодимиз Соҳибқирон Амир Темур айтганидек, «Куч билан бирни, ақл ва мустаҳкам руҳ билан мингни енгиш мумкин». Мана шундай ватанпарварлик руҳини тарғиб қилувчи амалий тадбирлар, ўз навбатида, ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўзига хос намуна бўлмоқда.
Тадбирда Мудофаа вазирлигининг ҳарбий оркестри томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА