“Ватанпарвар”чилар Меҳрибонлик уйини йўқлади
Наманган шаҳридаги 26-сонли “Меҳрибонлик уйи”да Ўзбекистон Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши томонидан Конституциямизнинг 28 йиллиги байрами муносабати билан пневматик қуролдан ўқ отиш спорт мусобақаси ўтказилди.
Йўқлов доирасида ташкилланган мусобақада меҳрибонлик масканида камол топаётган 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган 68 нафар тарбияланувчи иштирок этди. Шунингдек, картинг, мотоцикл каби техник-амалий спорт техникалари кўргазмаси болажонларга намойиш қилинди.

Мусобақада тенгдошларига қараганда чаққонроқ ҳаракат қилган Моҳира Бозорбоева, Лариса Трашенкова, Фарангиз Давронова, Элмурод Носиров, Фарруҳ Давронов, Абдураҳмон Каримовлар ғолиблар қаторидан жой олишиб, муносиб равишда тақдирландилар.
Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари томонидан кўргазмали чиқишлар, Конституция моддаларига аталган шеърхонлик, “Зукко билимдон” танлови ва мусиқий саҳна чиқишлари ҳавола этилди.

Тадбир якунида Меҳрибонлик уйининг бир қатор тарбияланувчиларига қувонч улашиш, уларни ақлий ва интеллектуал қобилиятини янада мустаҳкамалаш мақсадида шахмат-шашка ва “Lego” йиғма ўйин тўпламлари, шахсий гигиена воситалари жамланмалари топширилди.

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА