Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
ВАТАНГА МУҲАББАТ ИЗҲОРИ
ВАТАНГА МУҲАББАТ ИЗҲОРИ
Ҳазориспанд бўлсам саҳроларингда,
Феруза тош бўлсам дарёларингда,
Ҳайит ойи бўлсам самоларингда,
Меҳру вафо — кўрар дунёларингда,
Сени ёмон кўздан асрамоқ учун!
Остонангда ётган итинг бўлойин,
Наслингни пок тутган сутинг бўлойин,
Кўзингдаги ҳурлик ўтинг бўлойин,
Баланд тоғларда бургутинг бўлойин,
Сени ғаним кўздан асрамоқ учун!
Сўзим бор — савашда қилич бўлоли,
Шаҳдим бор — қуввати биринч бўлоли,
Яхши-ёмонингда илинж бўлоли,
Ипак жоним метиндан синч бўлоли,
Сени офат кўздан асрамоқ учун!
Фақат сен кўзимга боқиб тур, Ватан,
Онамдай елкамга қоқиб тур, Ватан,
Қалбимда дарёдай оқиб тур, Ватан,
Бошимда Хумодай балқиб тур, Ватан,
Мени гумон сўздан асрамоқ учун!
Сени ёмон кўздан асрамоқ учун!
МУСТАҚИЛ ВАТАННИ БАХТ НУРИ ЧАЙСИН
Сумбула сувидай тиниқ бир Аёл
Дунёни асрайди бало-қазодан.
Юртнинг рўзғорида сен барака, бол,
Қалдирғоч ниятли, умри озодам!
Ерни уйқу деви алдаб, музлатар,
Жонини илитгай Қавс яхоби.
Қарри, соқов ерни қайта сўзлатар
Деҳқон юрагининг майин офтоби.
Оёғингда тилла кавушчалармас,
Кирза этик кўрдим чўяндай оғир.
Сумбул сочларингга шивирлаб минг сас
Ҳар йил ошиқ бўлар кўкламги ёмғир.
Ҳар йил шоналаган ғўза бошига
Эгилдинг, унутиб полапонингни.
Мен кўрдим: балхи тут боланг қошида
Оғзига дур тутган саратонингни.
Сендан рози кетар шу кўҳна кетмон,
Бошингдан тер қуяр, чопиқ қиларсан.
Эркаклар қочарлар шийпонни чоғлаб,
Нозигим, сен қачон ҳордиқ биларсан?
Рўзғор — ғор дейдилар. Шу тубсиз ғорда
Равшан бир чироқдай юрасан, бекам!
Шу ғорни бутлагил деб биру борда
Жонингни қирқ битта яратмиш эгам...
Тунлар без-без оғрир, оҳ, бармоқларинг,
Дутор пардасида уйғонур нола.
Аллага шайланса гул дудоқларинг,
Мустақил Ватанинг етар камола.
Ўғлинг элга эга бўлиб улғайсин,
Қизларинг малика бўлиб улғайсин.
Шоҳу гадога ҳам оқ сут берган зот,
Мустақил Ватанни бахт нури чайсин.
Борингга барака берсин илойим,
Суянч тоғларингнинг хайрини берсин.
Аёлманд Ватаним, жўжабир жоним,
Меҳнатинг роҳати, мойини берсин!
Энди уйинг тўри ўзники бўлғай,
Нонинг бутун бўлғай, ўзлигинг бўлғай!
Энди оғзингдагин олдирма, халқим,
Мустақиллик ёруғ юзлигинг бўлғай!
ОСТОНАНГНИ ЎПИБ ЎТ
Ватан надир - бир бурда
Тотинган ҳалол нонинг.
Асли - азал тақдирда
Паноҳ бўлган осмонинг.
Ватан нима - пойингни
Ўпган майса - гиламлар.
Кунларингни, ойингни
Боғ айлаган кўкламлар.
Ватан асли сен билан
Бир туғишган остонанг.
Илк бор эшитган алланг,
Сўнг бор кузатган онанг.
Ҳар кун шу остонага
Бир эгилиб, ўпиб ўт.
Меҳрингни, ихлосингни
Исириқдай сепиб ўт.
Тоғлар қовурғасида
Тунаган баҳор - Ватан.
Зирва дубулғасида
Қанот ёйган сор - Ватан!
Юракнинг дов қуввати,
Кўнгилнинг кўзи - Ватан.
Элу юртнинг келбати,
Сўзларнинг тузи - Ватан.
Ватан - покиза номинг,
Мартабанг, шон - довруғинг.
Ватан - номус, имонинг,
Ватан асли бор йўғинг.
Тил остида гавҳартош
Асраб юрганинг - Ватан!
Йўқотсанг ҳеч топилмас
Асл маъданинг - Ватан!..
Ойдин Ҳожиева,
Ўзбекистон халқ шоири