Ватаннинг мард ўғлонлари ҳеч қачон унутилмайди
Мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, юртимиз тинчлик-осойишталигини асраш йўлида жонини фидо қилган мард ўғлонлар ҳеч қачон унутилмайди.
Наманган вилояти Наманган туманида туғилган Камолиддин Тошпўлатов Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилган. Камолиддин бундан 23 йил муқаддам юртимиз жанубига ғаразли ниятларда бостириб келган бир қатор жангариларга сафдошлари билан бир қаторда мардларча қаршилик қилиб, қахрамонларча ҳалок бўлган. Кейинчалик вафотидан сўнг “Жасарат” медали билан тақдирланган.

Мард ва жасур жангчининг номини абадийлаштириш мақсадида ўзи ўқиган 24-сонли умумтаълим мактабда унинг бюсти ўрнатилган ва яшаб, вояга етган кўчасига Камолиддин Тошпўлатов номи берилган. Камолиддиннинг икки ўғлини унинг турмуш ўртоғи Гулноз Нуриддинова ҳеч кимдан кам қилмай тарбия қилди, катта фарзанди Умиджон Наманган давлат университетини тамомлади ва ҳозирда халқ хизматида. “От ўрнини той босади”, деганларидек отасининг изидан бориб ҳарбий бўлишга астойдил аҳд қилган кичик ўғил Миркомил Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясида таҳсил олмоқда.

Президентимизнинг 2023 йил 11 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонига асосан мамлакатимиз Қуролли Кучлари нуфузини янада ошириш вазифалари юклатилган. Армия сафида хизмат қилган ва хизмат даврида қахрамонлик кўрсатиб, мардонавор ҳалок бўлганларга алоҳида эҳтиром кўрсатиш эзгу анъанага айланган. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ва Наманган тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан Камолиддин Тошпўлатов оиласидан хабар олиниб, уларнинг қандай муаммолари борлиги ўрганилди.

– Жасур турмуш ўртоғим билан қисматим битилганидан бағоят фахрланаман, у киши Ватанни ҳимоя қилиш йўлида жонини аямаган. Икки боламизни вояга етказиш осон бўлмади, ўринлари билинди. Уларга падари бузрукворининг Ватан олдидаги улкан жасорати ҳақида ҳикоя қилиб берардим. Фарзандларим ўз устида интилиши ўз самарасини берди, улар эл корига ярайман, деган ниятда касб эгаллашмоқда, – дейди Камолиддиннинг турмуш ўртоғи Гулноз Нуриддинова. – Хонадонимизни шонли сана арафасида йўқлаб, кўнглимизни тоғдек кўтарган ташкилотлар фидойиларига миннатдорлик билдираман. Бундай кезларда ўзингни доимий эътибор оғушида эканингни ҳис қиласан, киши.

Дарвоқе, “Маҳалла” фонди йўқлови доирасида марҳум ҳарбий хизматчи Камолиддиннинг волидаи муҳтарамаси Мавлудахон ая Тошпўлатовага ҳам ғамхўрлик кўрсатилди.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА