Ватанни севмоқлик иймондандир!
Ўзбекистон Ватан, иймон Улуғ диёрим сен менинг.
Ўзбекистон
Ўзбекистон Ватан, иймон
Улуғ диёрим сен менинг.
Буюк ғурур, муқаддас шон,
Чин ифтихорим сен менинг.
Тарихингни қилсам сўроқ,
Ҳар ўғлонинг битта Широқ,
Тўмарислар сўнмас чироқ,
Номусу орим сен менинг.
Ал-Жабрга ота юртсан,
Ҳадисшунос катта юртсан,
Осиёда битта юртсан,
Собит сардорим сен менинг.
Сен Темурий саркардасан,
Сен Навоий сарпардасан,
Ери олтин зар кордасан,
Бахту баҳорим сен менинг.
Таърифингга етмас сўзим,
Жамолингга тўймас кўзим.
Шафоатинг, шайдонг ўзим,
Ки йўғу борим сен менинг.
Она қалбидаги оҳанглар
Шу тўзғиқ сочимга кечагина мен,
Юз таманно билан урардим шона.
Бугун борлиғимни банд айлаган сен,
Бешигинг бошида мен бедор она.
Сен бу он не учун йиғлайсан қўзим,
Қопқора сочларинг бирам чиройли.
Йиғинг боисини тушунолсайдим,
Мурғак умринг бўпти энди тўрт ойлик.
Йиғлатган агар бир тикон бўлсайди,
Киприкларим билан ташлардим олиб.
Жонингни қийнаган ё мубҳам дардми?
У менинг меҳримдан чиқарми ғолиб?
Оппоғим билсайдинг онангга бу он
Минутлар ўтмасин йилдай тўйилиб,
Қоронғудир бу чоғ кўзимга жаҳон,
Бағримни эзмоқда бир мунг қуйилиб.
Сен билан қўшилиб йиғламоқдаман,
Руҳимда ваҳмлар кўтармоқда туғ.
Мана сен тинчландинг, мен севинчдаман,
Орзулар босмоқда кўнглингдай ёруғ.
Ҳу ана суқсурдай сен кўрсатдинг бўй,
Атрофинг ўраган қизлар чамани.
Ҳовлини тўлдирган бир гургума тўй,
Ўйингга тортмоқда қудалар мани.
Аёл умрининг суюк дамлари,
Ҳоким бўпти сенинг вужуд борингга,
Адрас чимилдиқдан чиқиб илгари.
Салом қилмоқдасан севган ёрингга.
Айланма ҳаётнинг шоҳ орзулари,
Руҳимда эриркан бўлиб бир оҳанг.
Сочингга уланди офтобнинг зари,
Бешигинг ортидан кўтарилиб тонг.
Алла
Оқ юваман, оқ тарайман, оқ чойшабга ўрайман,
Кечалардан, оқ тонглардан камолингни сўрайман.
Алла айтсам, сен ухлайсан, алла сози дилимнинг,
Алла айтсам сен ухлайсан, алла тори тилимнинг.
Сен ухла, мен ҳар тун сочинг то тонггача силайин,
Бахт чироғинг ҳу юлдуздек ёниқлигин тилайин,
Алла, алла менинг қўзим, алла кўнглим чироғи.
Алла, алла менинг қўзим, алла ҳаётим боғи.
Кўзларингдан ўргилайин ўхшар менинг кўзимга,
Юзларингга термулайин ўхшар даданг юзига,
Киприкларинг жуфтла жоним кўзингни юм гиргиттон,
Ҳали қирлар орқасида ухлаб ётир оппоқ тонг.
Ёнгинангда мендек бедор, сув оқадир милдираб,
Кўк саҳнидан тушиб кетди, ой ҳам олтин ғилдирак.
Ухла қўзим ҳаво салқин, ухла қўзим тун сокин,
Сен ухласанг, мен ухлайман ухла қўзим тонг яқин.
Шафоат ТЕРМИЗИЙ,
шоир