Ватанимизнинг мард ва жасур ҳимоячилари
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси термизлик ҳарбийлар ҳаёти билан танишди.
Мамлакатимиз Қуролли Кучларида кейинги йилларда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар Ватанимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги ва сархадларимиз дахлсизлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.
Бу жараёнда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши Миллий армиямизнинг халқимиз билан узвий бирлиги ва якдиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Соҳада олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириб, мудофаа қудратимизни янада оширишнинг муҳим масалаларини ўрганмоқда. Тинчлигимиз қўриқчиларига яратилаётган замонавий шароитлар ва оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.

Ҳарбий қисм ва ҳарбий шаҳарчаларда тез-тез бўлиб, Ватанимиз посбонлари ва уларнинг оила аъзолари, нафақадаги Қуролли Кучлар хизматчилари билан учрашувлар ўтказаётир.
Термиз гарнизонига қарашли ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтган ана шундай учрашувда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамаотчилик кенгаши аъзоси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов иштирок этди.

Жамоатчилик кенгаши вилоят бўлими аъзолари, шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийлар, Қуролли Кучлар фахрийлари ва талаба-ёшлар қатнашган тадбирда сўнгги йилларда Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳозирги таҳликали замонда тинч, осайишта ва фаровон ҳаётимизни таъминлашга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Қуролли Кучларимиз замонавий техника ва қурол-аслаҳа билан таъминланаётгани, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиб, турли имтиёзлар берилаётгани ҳақида фикр алмашилди.
–Ватан ҳимоячиларига кўрсатилаётган бундай эътибор Миллий армиямиз сафларида хизмат қилишни том маънодаги шон-шараф ишига айлантирди,–дейди ҳарбий қисмнинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи Н. Атажонов. – Бунга ҳарбийларни уй-жой билан ва оила аъзолари бандлигини таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгилаб олингани, фарзандларининг олий ўқув юртига киришда имтиёзлар қўлланилаётгани ёки муддатли ҳарбий хизматни ўтаган аскарларнинг олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга қабул қилиниши учун имтиёзли тавсифномалар берилаётгани ҳам яққол далилдир.

Учрашувда ҳарбийлар ҳаёти ва яратилаётган шароитлар, оила аъзоларига берилаётган имтиёзлар билан боғлиқ талаба-ёшларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди. Шу куни тадбир иштирокчилари ҳарбий қисмнинг ётоқхонаси, ўн минг китоб фондига эга кутубхонаси, ошхона, спорт зал, спорт майдончаси ва маданият уйида ҳарбийлар учун яратилган замонавий шароитлар билан танишди.
Ҳарбий қисм кутубхонасига Жамаотчилик кенгаши номидан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ёш журналистларнинг энг сара мақолалари асосида нашр этилган “Умид ёғдуси” тўплами ҳамда янги чоп этилган бадиий китоблар туҳфа қилинди.
Тадбир доирасида ташкил этилган замонавий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбийларнинг жанговар кўргазмали чиқишлари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири