Ватанимиз келажагининг бунёдкорлари
Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!
Истиқлол йилларида навқирон авлодга Ватанимизнинг келажаги, эртанги бунёдкорлари сифатида алоҳида эътибор қаратилиб, ёшлар билан ишлаш бўйича ўзига хос тизим яратилди. Ёшларни замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ёш авлод вакилларининг илм-фан, маданият, спорт, умуман, ҳар бир соҳадаги ютуқлари кўлами кенгайиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган “Янги Ўзбекистон ёшларига яратилган имкониятлар” мавзусидаги давра суҳбатида шулар ҳақида сўз борди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида қулай шарт-шароитлар яратилди. Ёшлар сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

— Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Оила, болалар ва ёшлар” масалалари алоҳида бобда ифода этилиб, 78-79-моддаларда давлат томонидан ёшлар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатланди, — деди Ёшлар масалалари бўйича комиссия раиси Муҳаммаджон Валиев. — 2021 йилдан бошлаб ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида мутлақо янги тизим – “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. Бундан ташқари, тизимни рақамлаштириш, ижтимоий ёрдамларнинг манзилли етиб боришини таъминлаш мақсадида “yoshlardaftari.uz” электрон платформаси ишга туширилди. 25 та электрон платформа билан интеграция қилингани эвазига ҳақиқатда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар рўйхатлари шакллантирилди. “Ёшлар дафтари” орқали жами 110 минг талабага 331 миллиард сўм тўлов-шартнома пуллари, 107 минг ишсиз ёшларга 338 миллиард сўмлик асбоб-ускуна, 68 минг ёшларга илм-фан, замонавий касблар ва ҳайдовчиликка ўқиши учун 58 миллиард сўм ўқув курс тўловлари ажратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар 30 июнь мамлакатимизда “Ёшлар куни” этиб белгилангани, ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати ўз натижаларини кўрсатаётганини алоҳида эътироф этди. Хусусан, бугун Янги Ўзбекистон ёшлари илм-фан, таълим, маданият, санъат, спорт соҳасида халқаро даражадаги катта ютуқларга эришиб, юртимиз байроғини кўкларга кўтараётгани таҳсинга сазовор.
Давра суҳбати давомида иштирокчи ёшларга қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган жараёнлар хусусида сўзлаб берилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлислар зали, кутубхонаси, парламент музейи билан яқиндан танишди.
М.Комилова,
ЎзА