Ватаним, орим деб қасамёд қилдим
...Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва Умумҳарбий низомларга қатъий амал қилиш, сувда, ҳавода – ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчини виждонан бажариш, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда эл-юртининг юксак ишончини оқлаш...
Ватанга қасамёд жараёнларида ғурур билан айтилаётган бу сўзлар, аслида юртпарвар ўғлонлар зиммасига жуда катта масъулият ва бурч юклайди. Зеро, Ватанга қасамёд бу – йигитлик шаъни, ор-номуси ва қадр-қимматини ўртага қўйиб, зиммасидаги шарафли ҳамда машаққатли вазифаларни қатъият билан адо этишга аҳд қилиш демакдир.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм ва бўлинмаларда ҳам ҳарбий хизматга янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар Ватанга қасамёд қилди. Маросимлар Республикамиз бўйлаб кўтаринки руҳда ташкил этилиб, тантанали тадбирларда Чегара қўшинлари раҳбарияти, масъул офицерлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ёш аскарларнинг ота-оналари, яқинлари иштирок этди.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳамда Бекобод шаҳрида ўтказилган тантаналар давомида сўз олганлар Ватанимиз мустақиллиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва она халқимизнинг тинчлиги, осойишталигини сўнгги нафасигача ҳимоя қилишга бел боғлаган ўғлонларга ўзларининг самимий тилакларини билдириб, уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида омад тилади. Шундан сўнг қалбларга ўзгача ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишлаган ҳаяжонли лаҳзаларга навбат етиб, ўғлонлар Ватан олдидаги йигитлик бурчларини бажаришга бел боғлаб, тантанали равишда қасамёд қилди.
Эгнига ҳарбий либослари ярашган бу алп қомат ўғлонлар ўтган қисқа вақт ичида тажрибали офицер ва сержантларнинг саъй-ҳаракатлари ёрдамида ҳарбий соҳанинг сир-асрорларини ўрганиб, дастлабки кўникма ва билимларни ўзлаштиришга муваффақ бўлганларини ҳам маросим давомида намойиш этилган кўргазмали қўл жанги ва жанговар чиқишлари орқали амалда намоён этиб берди.
Ёшу қарини бир ерга жамлаган шу каби тадбирлар Фарғона вилоятидаги Қувасой
ва Қўқон шаҳарлари ҳамда Фарғона туманидаги Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларда ҳам тантанали тус олиб, сўз олганлар томонидан тинчлик энг олий неъмат экани, бугун миллий армиямизни модернизация қилиш, унинг салоҳияти ва жанговар қудратини янада ошириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, тадбирлар давомида Ватан олдидаги ўз йигитлик бурчини ўтаб бўлиш арафасида турган муддатли ҳарбий хизмат оддий аскарларига Чегара қўшинлари қўмондонлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзли тавсияномаларнинг тантанали тарзда топширилиши ҳам ёш аскарларнинг қалбларида ўзгача ҳавас ҳисларини уйғотиб, ўқиб-изланишга ундади.
Жиззах вилоятининг қўшни Республикалар билан чегарадош ҳудудлари дахлсизлигини таъминлашга киришиш остонасида турган юрт ўғлонлари ҳам сафдошлари сингари кўксига қуролини маҳкам босиб Ватанга қасамёд қилди. Тантанали маршдан сўнг, Ватанга қасамёд қилган муддатли ҳарбий хизматчиларга Чегара қўшинлари қўмондонининг табриги етказилди. Шундан сўнг, муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан қисқа вақт ичида ўзлаштирилган ҳимоя
ва ҳужумда қўл келувчи жанговар элементлардан намуналар кўрсатилди.
Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги ҳарбий қисмларда ташкил этилган тадбирларда ўз дилбандини ҳарбий либосда ҳаракатланаётганини кузатган ота-оналарнинг қалблари чексиз қувончга, диллари фахрга тўлди.
– Бугун бизнинг энг бахтли кунларимиздан бири. Чунки бу лаҳзаларни жуда интиқлик билан кутдик. Кўзлари ёниб турган шундай ўғлонларимиз бор экан, юртимиз ҳамиша тинч
ва осойишта бўлаверади. Қувонарлиси, бу тадбирда иштирок этаётган барча ота-оналарнинг ҳам кайфиятлари кўтаринки. Фарзандимиз хизматини ёруғ юз билан ўтаб, оиламиз бағрига эсон-омон қайтишини тилаймиз. Унга маҳалла-кўй, яқинлари ва биз ишонамиз, – дейди ёш аскарлардан бири Дониёр Йўлдошевнинг онаси Донохон Жумаева.
Ватанга қасамёд тадбирларига Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган Чегара қўшинларига қарашли барча ҳарбий қисм ва бўлинмаларда ҳам катта тайёргарлик кўрилгани иштирокчилар томонидан эътироф этилди. Ёш аскарлар турли ҳудудлардан етиб келган яқинларини кўриб ниҳоятда хурсанд бўлди.
– Сафда қад ростлаб турибману нигоҳим одамлар гавжум бўлган томонда. Уйдагилар келишдимикан деган ўй ўтди хаёлимдан. Йўл анча узоқ, Фарғонадан улгуриб етиб кела олишармикан? Шу пайт одамлар орасидан беш ёшли укамнинг қўл силкигани кўринди. Отам узоқдан мени кўрсин деб уни елкаларига ўтказиб олган экан. Ёнларида онам турибдилар. Юрагим алланечук ҳаяжонга тўлиб кетди. Қаддим ҳам бошқача ростлангандек бўлди. Қасамёд қабул қилаётганимда, овозим шу қадар баланд жарангладики, узоқроқда турган ота-онам ва укам ҳам эшитишди, чамамда. Бу онларни асло унутиб бўлмайди, – дейди муддатли ҳарбий хизмат оддий аскари Сухробжон Абдусатторов.
Ҳақиқий байрамга айланиб кетган тадбирлар давомида Чегара қўшинлари Ашула ва рақс ансамбли хонандалари ҳамда эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларга хуш кайфият улашди. Эндиликда Ватанимиз чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилишдек масъулиятли, шу билан бирга шарафли вазифани зиммасига олган ёш аскарлар ўз билим ва маҳоратларини доимий равишда ошириб боришлари, замонавий қурол-аслаҳалардан фойдаланиш сир-асрорларини пухта ўзлаштирган ҳолда, жанговар ва маънавий қудрат соҳибига айланишлари керак бўлади.
[gallery-17116]
Юртпарвар, фидойи ҳарбийлар сафига қўшилаётган бу навқирон ўғлонларга келгусидаги жанговар-хизмат фаолиятларида ҳамиша омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Фарида Бобожонова,
ДХХ Чегара қўшинлари ходими