Ватанга хизмат – олий шараф
Наманган вилоятининг Поп туманида жойлашган Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда "Ватанга қасамёд" тантанали маросими бўлиб ўтди.
Президентимизнинг 2026 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган ушбу тадбирда вилоят ва туман фаоллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, чегара қўшинлари фахрийлари, ёшлар, чақирилувчиларнинг ота-оналари таклиф қилинди.
Маросимда ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонлиги масъул ходими, полковник Эркинжон Раҳмонов, Поп тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев ва бошқалар мамлакатимизда миллий армиямизни ислоҳ этиш, ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида сўнгги йилларда олиб борилган ишлар ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади.
Биргина Поп туманидаги Чегара қўшинлари ҳарбий қисми мисолида оладиган бўлсак, ҳарбийлар учун қисм атрофида 100дан ортиқ хонадонлар ҳамда бўлинмаларда эса 30га яқин хизмат уйлари замонавий шарт-шароитлар асосида қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қайд этиш даркор, ҳарбий қисмда 2026 йилги чақирув жараёнларини замонавий ва шаффоф тарзда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Рақамлаштирилган ахборот тизими ва маълумотлар базаси” доирасидаги “Чақирув” тизимости дастуридан самарали фойдаланилди. Амалий ва назарий синов, машғулотлар ҳамда уларнинг натижалари билан боғлиқ маълумотларни аниқ ва тезкор киритиш диққат марказида бўлди. Чақирилувчи билан суҳбат ҳамда уларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси адолатли баҳоланди.
[gallery-28886]
Демак, илк ҳарбий тайёргарликдан муваффақиятли ўтган муддатли ҳарбий хизматчилар тантанали маросимда онадек азиз Ватанга муносиб фарзанд сифатида уни кўз-қорачиғидек асраш, қўшни давлатлар билан чегарадош сарҳадлар дахлсизлигини таъминлаш йўлида масъулият, фидойилик ва матонат кўрсатишга қасамёд қабул қилдилар.
Маросимда ёш аскарлар тантанали тарзда саф юришини амалга оширди. Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан қисқа вақт ичида ўзлаштирилган жанговар тайёргарлик ва қўл жангги усталари ҳамда хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилдики, бу ўз навбатида юрт қалқонларининг жисмонан бақувват ва ҳар жиҳатдан тайёргарлиги ва юксак интизомини ифода этди.
Тадбирда ҳарбий хизматдан аввалги ўқув курси жараёнларида фаол қатнашган офицер ва сержантлар муносиб тақдирланиб, уларга "ДХХ Чегара қўшинлари аълочиси" кўкрак нишони ҳамда Чегара қўшинлари қўмондонлигининг "Миннатдорлик ёрлиғи" тақдим қилинди.
Шунингдек, ўтган йилги чақирув давомида намунали хизмат қилиб, йигитлик бурчини мардонавор ўтаган бир қатор аскарларнинг ота-оналарига фарзандлари олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи ҳарбий тавсияномалар топширилди.
Тадбир давомида эстрада хонандаси Мансурхон Нурматов ҳамда маданият бўлимининг санъаткорлари ижросида янграган Ватан, мардлик ва тинчликни улуғловчи куй-қўшиқлар йиғилганларга завқу шавқ бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА