Ватанга содиқлик йигитнинг иши
Мудофаа вазирлигига қарашли Тошкент вилояти Зангиота туманидаги ҳарбий қисмда Ватанга қасамёд тадбири ўтказилди.
Ҳарбий қисм майдонида чинакам байрам руҳи кезиб юрди. Айниқса, ҳарбий оркестр ижросидаги марш садолари барчани бир мақсад ва маслак йўлида бирлаштирди. Кенг жамоатчилик фаоллари ушбу лаҳзаларни катта ҳаяжон билан кузатди.
Мудофаа вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди. Саф майдонида қад ростлаб турган йигитлар юзида ишонч, кўзларидан эса Ўзбекистоннинг ишончли ва енгилмас ўғлонлари эканини билиш мумкин. Бундай тантанавор шодиёна Ватан ҳимоясига отланган ҳар бир ўғлон ҳаётида эсда қолиши фахр билан таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққан ҳарбийлар, жамоатчилик кенгаши фаоллар ҳарбий қасамёднинг моҳияти, ўз халқига содиқликнинг юксак масъулияти ҳақида сўзлади. Қасамёднинг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири аскар ота-оналарининг самимий дил сўзлари бўлди. Содиқ бўлишга онт ичга ҳар бир аскарга Президент номидан махсус совғалар берилди.
– Ватан учун хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг орзусидир, – дейди Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидан оддий аскар Ботир Сайиров. – Мен ҳам қасамёд қилиш пайтида қалбимдаги кучли ҳаяжонни ҳис қилдим. Буни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Ота-онам жуда хурсанд бўлишди. Мақсадларим катта. Муҳими, ҳарбий хизмат ҳаёт йўлимда менга катта мактаб вазифасини ўтайди. Мен ҳам билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ўтган шундай тантанали тадбирда ҳам мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-маёр Ҳамдам Қаршиев иштирок этиб, аскарларга зафар тилади.
[gallery-17172]
Маросимда юртимизнинг турли вилоятларидан келган ота-оналар, ёшлар, кексалар Ватанга қасамёд қилаётган йигитларни катта ҳаяжон билан кузатди.
А.Мусаев, Д.Эрназаров (сурат),
ЎзА мухбирлари