Ватанга садоқат — юксак шараф!
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Чуст туманидаги «Қалқон махсус гуруҳ» НТМда ёш курсантлар иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда уларнинг Ватанга садоқат, юрт олдидаги бурч ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ғова қишлоғидаги 42-сонли мактаб қошида ташкил этилган мазкур таълим муассасасидаги тадбирда курсантларнинг интизоми, жисмоний тайёргарлиги, жамоавийлиги ва иродаси намоён бўлди.
[gallery-31238]
Йиғилишда ёш авлодни билимли, ватанпарвар ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда жисмоний тайёргарлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Муассаса директори Саодатхон Эгамованинг айтишича, курсантларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, уларни жисмонан чиниқтиришга қаратилган маънавий-маърифий ҳамда спорт тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Маълумотларга кўра, мазкур муассасада таълим олган ёшлар орасидан 300 нафардан зиёд Ўзбекистон чемпиони ва 20 га яқин жаҳон чемпиони етишиб чиққан. Улар орасида муай-тай спорти бўйича халқаро мусобақалар ғолиблари ҳам бор.:
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА