Ватанга садоқат ва юксак масъулият рамзи
Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, садоқат ва фидойилик руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Нукус шаҳридаги Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда шимоли-ғарбий ҳарбий округи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамкорлигида “Ватан таянчи” кўкрак нишони ва аъзолик гувоҳномаларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда шаҳардаги 10 та умумий ўрта таълим мактабининг 200 нафар юқори синф ўқувчиси иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққанлар ёшларни ҳаётларидаги муҳим воқеа билан самимий муборакбод этиб, уларга ўқиш ва изланишларида, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаш йўлида муваффақият тилади.
Таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олиши, замонавий касбларни эгаллаши, илм-фан, технология, спорт ва бошқа соҳаларда ўз салоҳиятини намоён этиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бундай имкониятлардан оқилона фойдаланиш, вақтни мазмунли ўтказиш, мунтазам равишда билим ва кўникмаларни ошириб бориш ёшларнинг келажакдаги муваффақиятлари учун муҳим омилдир.

Тадбирнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида эса Нукус гарнизонидаги Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестрининг тантанавор садолари остида ўқувчиларга кўкрак нишонлари ва аъзолик гувоҳномалари топширилди. Кўксига “Ватан таянчи” нишонини таққан ёшларнинг юз-кўзида фахр ва ҳаяжон акс этди. Улар учун бу нишон оддий рамзий белги эмас, балки Ватанга муносиб фарзанд бўлиш, билим олиш, ўз устида ишлаш ва келажакда юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиш йўлидаги масъулиятни англатиши билан аҳамиятлидир.

Тадбир давомида ёшлар келгусида ўз билим ва салоҳиятларини янада ошириш, Ватан ва халққа садоқат билан хизмат қилиш, юрт тинчлиги ва равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшиш истагида эканликларини билдирди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири