Ватанга қасамёд-юксак масъулиятдир
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда ҳарбий хизматга янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёд келтириш маросими бўлиб ўтди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, қасамёд қабул қилувчи оддий аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди. Тадбирда муддатли ҳарбий хизматчилар барчанинг гувоҳлигида тантанали равишда ватанга қасамёд қабул қилди.


Армиядаги қасамёд ҳар бир йигит учун шарафдир. Айниқса, ватанга қасамёд Қуролли Кучлар сафига кирган ёш ҳарбий хизматчининг ҳаётидаги унутилмас кун ва тантанали ваъдаси ҳисобланади. Шу боис ҳам мазкур тадбирлар ҳудудларда кўтаринкилик билан ўтказилмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятидаги ҳарбий қисмларда бўлиб ўтган тадбирларда ёш аскарлар қасамёдда битилган муқаддас сўзларни тилга олиб, Ўзбекистон халқига ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини сўзсиз ва виждонан бажаришга, халқ ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишга тантанали равишда ваъда берди.


Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари Шуҳрат Абдуллаев Ватанга қасамёд қабул қилган барча ёш аскарларни ҳамда уларнинг тадбирда иштирок этаётган яқинларини самимий муборакбод этди.
- Фарзандимнинг юрагидаги ватанга бўлган муҳаббатни, сўзидаги ишончини кўриб, ғурурландим, - дейди қашқадарёлик Нодира Юсупова. - Бу юрт ўғлонлари ҳақиқий ватан ҳимоячилари. Ҳарбий қисмдаги шароитлар аъло даражада экан.


Тадбирда ҳарбий хизматчилар томонидан кўргазмали қўл жанги ва жанговар чиқишлар, концерт дастурлари намойиш этилди. Шунингдек, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик фанларидан йигирмадан ортиқ номинацияларда "Энг илғор" деб топилган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига саф майдонида округ қўмондонининг ташаккурномалари топширилди.
M.Сулаймонов, ЎзА мухбири