
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида илмий, академик ва сиёсий доираларда тобора оммалашиб бораётган “Ватан” ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий журналининг инглиз тилидаги махсус сони тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, фахрий дипломатлар, хориждаги дипломатик корпус ва ваколатхоналар раҳбарлари (онлайн), Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек илмий ва академик муассасалар, халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалари иштирок этди.
[gallery-22411]
Сенат Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев ушбу нашрнинг беқиёс аҳамиятига тўхталаркан, журнал ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт, маданият, санъат ва тарих соҳаларидаги муҳим масалалар муҳокама, таҳлил қилинадиган ўзига хос минбарга айланганини қайд этди.
Журнал бош муҳаррири, сенатор Ҳусан Эрматов “Ватан” журнали олим, сиёсатчи, илмий тадқиқотчи ва таҳлилчилар учун ўз ғоя ва қарашини ифода этишда яқин кўмакчи сифатида майдонга чиққанига урғу бериб, нашр ҳамма учун очиқлигини таъкидлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида чоп этилаётган ушбу журнал Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий контент яратиш хусусидаги кўрсатмаси ўлароқ дунёга келган.
Ушбу махсус сон озарбайжон шоири Акиф Бағирнинг “Ўзбек келаётир...” номли тантанавор шеъри билан бошлангани ҳам дарҳол ўқувчи диққатини тортади.
Мусулмон Зиё, Носиржон Хайдаров (сурат), ЎзА