Ватан туйғусини акс эттирган эссе
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда таниқли ёзувчилар ва адабиётшунослар иштирокида замонавий ўзбек адабиётида яратилаётган асарлар савияси ва уларнинг бадиий қиймати ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, кенгашнинг 2021 йилдаги фаолияти таҳлил қилинди.
Ўзбекистон халқ ёзувчилари Муҳаммад Али, Исажон Султон, таниқли ёзувчилар Тўлқин Ҳайит, Абдужалол Раҳим, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдош, Луқмон Бўрихон, Маъмура Зоҳидовалар, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири, шоир Салим Ашур иштирокидаги адабий йиғинда ёзувчи Рисолат Ҳайдарованинг янги ёзилган “Себзор” эссеси кун муҳокамасига қўйилди.
– Насримизда Тошкент нафаси камроқ сезилади. Ҳолбуки, Тошкент бизнинг тақдиримизда катта ўрин тутган шаҳар, бизнинг пойтахтимиз, – деди Наср кенгаши раиси Исажон Султон. – Биз бугун мана шу бўшлиқни тўлдириш умидида ёзилган асарни муҳокама қиламиз. Бир учрашувда атоқли ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммад: “Биз шаҳар насрини яратолмаяпмиз”, деган эди. Ваҳоланки, шаҳар мавзуси ҳар бир миллий насрга келиб қуйиладиган ирмоқлардан биридир. “Себзор” пойтахтимизнинг қадим даҳасида ХХ асрда кечган тарихий воқеалар билан бирга унинг бугунги куни, Себзор кишилари, уларнинг ҳаёти, армонлари ҳақидаги асар.

“Себзор”ни биринчилардан бўлиб ўқиган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али: “Ҳар бир ижодкор ўз она шаҳри, қишлоғи, овули, маҳалласи ҳақида албатта ёзиши керак экан, деган хулосага келдим. Чунки мана шундай асарлардан бир бутун Ватан сурати яралади”, дея тарифлади.
– “Себзор” ҳар қандай шиорларсиз Ватан туйғусини акс эттирган эссе бўлибди. Асар мисолида бутун республика миқёсидаги муаммолар берилган, – деди Луқмон Бўрихон. – Тошкент эски шаҳари фақат ўзигагина хос бўлган қиёфага эга. Биз Қодирийнинг Калвак маҳзуми, Тошпўлат тажанггида, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сида, Ойбекнинг “Болалик” қиссасида мана шу қиёфани кўрганмиз. Лекин булар ХХ аср бошидаги Тошкент одамлари эди. Бугунги эски шаҳар қиёфаси қандай? Ўқувчи мана шуни билиши керак. Рисолат Ҳайдаровани “Себзор” асари билан табриклаш мумкин, дея оламиз.
Муҳокама жараёнида қатнашчилар эссенинг кўлами катталигини, унда шаҳар топонимикаси, шунингдек, йўқолиб бораётган архаик сўзларга алоҳида эътибор берилганини, Тошкент эски шаҳари мавзусида алоҳида катта насрий асар ёзиш зарурлигини қайд этиб, эссени нашр этишга тавсия қилишди.
Д.Маматова, ЎзА