Ватан шаъни халқ закосида
Акс-садо
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида куни кеча Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат техника университети ректори, доктор Чидем Жанбай Туркйилмазнинг “Янги Ўзбекистонни кашф этиб: таълим, тараққиёт ва халқаро ҳамкорлик” номли мақоласини ўқиб, очиғини айтсам, ғурурландим.
Биринчидан, бу раҳбар аёлнинг Ўзбекистонга, ўзбек халқига муҳаббати ниҳоятда самимий айтилган.
Иккинчидан, бирга фаолият кўрсатаётганлигим учун олиманинг соҳа тараққиёти учун жонкуярлигини кўриб турибман.
Учинчидан, мақоладаги ҳар бир самимий эътироф биз, ўзбекистонликлар учун ибрат бўлмоғи лозим. Мамлакатимизда юз бераётган буюк ўзгаришлар, қолаверса, онгу шууримиздаги эврилишларни сезишни ҳам ўрганишимиз керак.
Камина ЮНЕСКО экспертлари билан ишлаш чоғида улардан ҳам Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ибратли ишлар ҳақида эшитганимда кўнглим тоғдек кўтарилади. Дарвоқе, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, рақамлаштиришни чуқурлаштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни йўқотиш, тоғ-кон саноатини ривожлантириш, энг муҳими, қурилиш соҳасидаги ютуқларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилаётгани бежиз эмас. Чунки давлатимиз раҳбари халқимизнинг бунёдкор, меҳнаткаш, билимдон эканлигини ўз ҳаёти мисолида дунё жамоатчилигига исботлаб бера олди. Замонавий янги ғоялар хорижлик сармоядорларни ҳам Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлашга чорламоқда. Деярли ҳар ойда бир вилоятда йирик саноат корхонасининг ишга туширилиши илмий ва технологик салоҳиятимизнинг кўзгусидир. Чунки уни ўзбекистонлик мутахассислар барпо этмоқда.
Мен бир неча йилдирки, Фарғона водийсидаги вилоятларда обидаларни таъмирлаш, янги истироҳат боғлари ва маърифий марказлар лойиҳаларини яратишда иштирок этяпман. Давлатимиз раҳбари ташрифи чоғида ҳар бир лойиҳани синчиклаб ўрганиб, унинг замонавийлиги баробарида халқимиз учун фойдаси тегадиган томонларига эътибор беришимиз кераклигини таъкидлайди. Ҳар бир иншоотда ақл-заковат, илм сезилиб туришини талаб қилади. Шу сабабли ҳам Қува, Қўқон, Фарғона ва бошқа шаҳарлардаги, ҳатто чекка туманлардаги иншоотлар халқнинг чинакам интеллектуал қудратини намойиш қилиб турибди. Бунга Хоразмда куни кеча давлатимиз раҳбари бориб кўрган йирик объектларни ҳам қўшиш мумкин.
Демоқчиманки, Ватан шаъни унда яшаётган халқнинг заковати, билими, эзгу фазилатлари билан яратилади. Биз ана шундай улуғ жараённи бошдан кечиряпмиз. Қувончлиси шундаки, бу ишда Президент Шавкат Мирзиёев барчамизга ибрат кўрсатмоқда. Жойларда эса ўзбекистонлик мутахассислар, ўзимизда ва хорижда таълим олган иқтидорли ёшлар мўъжизавий ихтироларга қўл урмоқдалар. Ўзбекистон бағрида яратилаётган шаҳарчалар, масканлар, осмонўпар бинолар бугун манаман деган давлатдагидан авло бўлса авлоки, кам эмас. Буни турли давлатлардан ташриф буюриб, тажрибамизни ўрганаётган мутахассислар ҳам исботлаб турибди.
Дарвоқе, глобаллашув жараёнида жуда катта халқаро лойиҳаларда ўзбек мутахассисларининг иштирок этаётганлиги ҳам халқимиз заковатининг эътирофи деб биламан.
Камол РАҲИМОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат техника университети профессори, техника фанлари доктори.
ЎзА