ФОТОРЕПОРТАЖ
Ватанга қасамёд – ҳар бир йигит учун муқаддас ва шарафли бурч. Бу – Ватан, унинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида берилган сўз, юксак масъулият ва фидоийлик намунасидир.
Жиззах шаҳридаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда ҳам ёш аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Қасамёд қабул қилиш остонасида турган мард ва жасур йигитлар қуролини кўксига маҳкам босган ҳолда, ватанпарварлик туйғуси билан сўзсиз садоқат ила Ватанга хизмат қилишга ваъда берди.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар ёш аскарларнинг юз-кўзидаги ишонч, қалбидаги ғурур ва масъулият туйғусини алоҳида эътироф этиб, уларга муваффақиятлар тилади. Таъкидландики, Ватанни ҳимоя қилишдек шарафли бурчни ўз зиммасига олган ҳар бир аскар мамлакат тинчлиги, чегаралар дахлсизлигини таъминлашдек олий вазифани бажармоқда.
– Мана, бугун биз, ёш аскарлар, Ватан олдидаги бурчимизга содиқ бўлиш учун қасамёд қилдик, - дейди оддий аскар Самандар Худойбердиев. – Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари сафида хизмат қилиш мен учун фахрдир.
Маросимда ҳарбий қисм қўмондонлиги, фахрийлар, аскарларнинг ота-оналари ва яқинлари, шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир сўнгида қасамёд қабул қилган сарбозларга ДХХ Чегара қўшинлари қўмондонининг байрамона табриги етказилди.
[gallery-23008]
Муддатли ҳарбий хизматчилар томонидан назарий ва амалий машғулотлар давомида эгалланган ҳимоя ва ҳужумга оид жанговар элементлар намойиш этилди. Хизмат итлари иштирокидаги махсус кўргазмали чиқишлар, ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича амалий ҳаракатлари ҳам маросим қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Тантана сўнгида ДХХ Чегара қўшинлари ашула ва рақс ансамбли ижросидаги Ватан, мардлик ва фидойиликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият бағишлади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА