Ватан муқаддас – уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Термиз дала ўқув полигонида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий қисм ва муассасаларидаги батальон (дивизион), взвод (батарея) командирларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари учун уч кунлик ўқув услубий йиғин ўтказилмоқда.
“Жанговар взвод” йили муносабати билан ташкил этилган йиғин батальон (дивизион), взвод (батарея) командирларининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосарлари шахсий таркибининг ахлоқий-руҳий барқарорлигини таъминлаш, “Ватан муқаддас – уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир”, деган концептуал ғоя асосида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари, жанговар хизмат вазифаларини бажаришда ҳарбий хизматчиларнинг аҳлоқий-руҳий тайёргарликларини самарали йўлга қўйишга ўргатади.
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ўтказилаётган барча тадбирларни сифатли ва самарали ташкил этиш кўникмаларини мустаҳкамлаб, шахсий таркибнинг ижтимоий-маиший муаммоларини тинглаш, талаб ва эҳтиёжларини ўрганишга қаратилган ишлар натижадорлигини оширишга кўмаклашади.
Тадбирнинг дастлабки куни Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник И.Маллаев тарбиявий ва мафкуравий ишлар, ахлоқий-руҳий тайёргарлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ёшлар билан ўтказиладиган тадбирлар ва ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб- қувватлаш йўналишлари бўйича маъруза қилди.
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг “Таъкидлаш керакки, миллий армиямизнинг куч-қудрати, азму шижоати ва ҳар ишда етук салоҳиятли ҳарбий хизматчиларимизнинг, бағри кенг ва олижаноб халқимизнинг бирлиги ҳамжиҳатлигидадир. Ишончим комилки, ана шундай буюк маънавий қудрат манбаи бор экан, эл юртимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, Ватанимиз мустақиллигига ҳеч қандай ёвуз куч рахна сололмайди, демократик ислоҳотларимизни йўлидан ҳеч қачон ортга қайтара олмайди”, деган пурмаъно сўзларининг мазмун-моҳиятини тушунтириб берди.
Шунингдек, иштирокчилар Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ ахлоқий-руҳий тайёргарлик бўлими бошлиғи, подполковник А.Жафаровнинг ҳафта давомида тарбиявий ва мафкуравий ишлар йўналишида ўтказиладиган тадбирлар ва улар бўйича ҳисоботларни юбориш тартиби ва “Буюк саркардалар ҳарбий санъати” бўйича синфлар яратиш мавзуидаги маърузаларини тинглаб, таклиф ва тавсияларини билдирди.
Ватанимиз ҳимоячиларининг ўқув услубий йиғини қизғин баҳс-мунозаралар билан давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА