Ватан муқаддас, уни асрамоқ – мардларга хос
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида “Ватан муқаддас, уни асрамоқ – мардларга хос” мавзусида маънавий-маърифий, бадиий мусиқий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда Чирчиқ шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмларнинг қурол-аслаҳа ва техникалар кўргазмаси ташкил қилинди. Аскарлар иштирокида намойиш этилган ҳарбий чиқишлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.


Тадбирга ҳамоҳанг равишда таътилдан қайтган талабаларни сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда талаба-ёшлар учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ҳам ташкил этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда Чирчиқ горнизонида жойлашган ҳарбий қисмлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.


Шундан сўнг тантанали байрам концерти ташкил этилди. Тадбир давомида Мудофаа вазирининг жанговар тайёргарлик бўйича ўринбосари, полковник Қодиржон Турсунов ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлари бўйича биринчи проректор Норйигит Дусанов ўқишни бошлаб олган ёшларга ўз тилакларини билдирди. Нафақадаги ҳарбийлар тақдирланди.
Президентимизнинг тегишли қарор-фармонлари ижросига асосан, ҳозир мазкур таълим муассасасида талабаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда она Ватанга бўлган садоқат ҳиссини янада кучайтириш мақсадида республикадаги ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда туркум тадбирлар ташкил этиляпти. Бу саъй-ҳаракатлар аввало ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учундир.

А.Мусаев,ЎзА