Ватан – муқаддас, уни ҳимоялаш – шарафли бурч!
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси “Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.
Унда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда уларни такомиллаштириш истиқболлари кенг муҳокама қилинди.
– Мамлакатимизда ҳарбий соҳадаги ислоҳотларнинг самарасини янада оширишда янгидан қабул қилинган Мудофаа доктринаси муҳим аҳамият касб этади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев. – Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, чет эл давлатлари билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади. Унда давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли Кучлар олдида турган вазифалар ҳамда миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишлар белгиланган.
Таъкидланишича, юртимиз геостратегик жойлашувининг ўзига хослиги, шунингдек, минтақада вужудга келаётган ҳарбий-сиёсий ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, Қуролли Кучлар бирлашмаларининг вазифа ва тузилмалари қайта кўриб чиқилди. Ҳарбий бошқарув тизими оптималлаштирилиб, жанговор самарадорлиги бўлмаган, бир-бирини такрорловчи тузилмалар ўрнига жанговор бригадалар ташкил этилди. Армияни янги қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ҳаво ҳужумидан мудофаа учун “Зенит” ракета комплекслари, алоҳида учувчисиз учар аппаратлар эскадрильяси, зирҳли техникалар, вертолётлар билан таъминланди. Натижада, 2019 йил якунлари бўйича мамлакатимиз миллий армиясининг ҳарбий қудрати икки баробарга ошди.
– Қуролли Кучларимиз юрт тинчлиги ва равнақининг мустаҳкам кафолати ҳисобланади, – деди Мудофаа вазирлиги бўлим бошлиғи Зафаржон Қосимов. – Бугунги кунда вазирлик тизимида ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ҳарбий хизматчилар нафақат жисмонан балки ақлий жиҳатдан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Бундан кўзланган мақсад эса бутун халқ вакиллари ватанпарварликни ҳарбий хизматчилардан ўрганишидир. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!
Давра суҳбати якунида ҳарбий хизматда алоҳида ютуққа эришаётган бир гуруҳ офицер ва оддий аскарлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди. Ҳарбий хизматчилар учун Қонунчилик палатасининг музейига экскурсия ташкил этилди.