Ватан мард ўғлонларини ҳеч қачон унутмайди
Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан жойларда ватанимиз тинчлиги учун жонини мардларча фидо қилган ўғлонларнинг оилаларидан хабар олинмоқда.
Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокими Умиджон Барноев, Мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Олим Тиркашев, Н-ҳарбий қисм командири ўринбосари, катта лейтенант Хуршидбек Бойматов билан биргаликда мамлакатимиз чегарасини ҳимоя қилишда ватан учун жонини фидо қилган ўғлон Н.Шафигулин хонадонида бўлди.

Мардларча ҳалок бўлган Н.Шафигулин оиласига пул маблағи, қимматбаҳо совға ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини топширди. Шундай мард ўғлонни тарбиялагани учун марҳум Н.Шафигулиннинг отасига миннатдорлик билдирилди. Шунингдек, “Афросиёб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи 2002-2006 йилларда Мудофаа Вазирлиги тизимида ҳарбий хизматни ўтаган даврида орттирган касаллиги туфайли захирага олинган 2-гуруҳ ногирони нафақадаги сержант Рауф Ражабовнинг ҳолидан ҳам хабар олинди. Унга ҳам пул маблағи, қимматбаҳо совға ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.
Зариф Комилов, ЎзА