Ватан мадҳи қалбларда мангу
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамкорлигида “Ватан мадҳи қалбларда мангу” номли ҳисобот концерти ўтказилди.
Мазкур адабий-мусиқий дастурдан кўзланган асосий мақсад атоқли адибларимиз ҳаёти ва ижодини ёшларимизга янада кенгроқ тарғиб этишдан иборат.
Ҳозирга қадар Aдиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган ижодкорларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Халқ юраги” лойиҳаси асосида 24 та ҳужжатли фильм яратилиб, адиблар номидаги 24 та стипендия ва 8 та кўкрак нишони таъсис этилди, адабиёт йўналишидаги фаол талабалар мунтазам тақдирланиб келинмоқда.

Адиблар ҳайкаллари пойида йил давомида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, мушоиралар, ижод аҳли билан учрашувлар ўтказилмоқда.

Жумладан, ҳар ҳафта жума куни Ўзбекистлон давлат санъат ва маданият институтига бириктирилган Муҳаммад Юсуф ҳайкали пойида талабалар томонидан миллий халқ спорт ўйинлари ташкил этилмоқда. Маънавий-маърифий тадбирлар, шеърият, назм ва наво кечалари, талабалар томонидан шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган спектакллар ва саҳна кўринишлари намойиш этилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Нодирбек Сайфуллаев ва бошқалар ёшлар онгини, қалбини ёт ва зарарли ғоялардан асраш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарблигини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижодига бағишланган “Ватан мадҳи қалбларда мангу” деб номланган концерт дастури, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари ижодига бағишланган очиқ осмон остидаги бадиий кўргазма бўлиб ўтди.
Н.Усмонова,
ЎзА