Ватан ҳимоясига бел боғлаган ёшлар қасамёд қилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган Давлат хавфсизлиги хизмати тасарруфидаги ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарларнинг Ватанга қасамёд қилиш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар, аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. Тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, ҳарбий хизматни адо этиш ҳар бир йигит учун шарафли бурч экани алоҳида қайд этилди. Ватан осойишталиги ва халқ фаровонлигини таъминлашдек юксак вазифани бажариш учун қасамёд қабул қилган ёшлар ва уларнинг яқинлари самимий қутланди.
Тантанали маросимда аскарлар Ўзбекистон халқи ва Президентига садоқатли бўлишга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси талабларини виждонан бажаришга, давлат ва жамият манфаатларини ҳимоя қилишга қасамёд қилди.
[gallery-28711]
– Бугун оиламиз учун унутилмас кун бўлди, - дейди муддатли ҳарбий хизматга Ангор туманидан чақирилган Сарвар Чориевнинг онаси Шаҳноза Рўзиева. – Ўғлим Ватанга, Президентимизга ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ваъда берди. Фарзандининг қасамёд қабул қилиши она учун катта фахр экан. Ватанимизни асрашга сўз берган ўғлим билан фахрланаман.
Тадбир доирасида Термиз гарнизони ҳарбий оркестори ҳамда маданият уйи санъаткорлари томонидан Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, фахрий қоровул ва қўл жанги жамоаларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА