Ватан ҳимояси ишончли қўлларда
Мудофаа вазирлигининг Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда уч кунлик ўқув- услубий йиғин бўлиб ўтди.
Унда жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги қўшинлар хизмати офицерлари, ҳарбий комендантлар, ҳарбий қисм штаб бошлиқлари ва уларнинг ҳарбий хизмат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Ҳарбий қўшинларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида миллий армиямизнинг жанговар шайлигини янада ошириш, тайёргарлик машғулотларини сифатли, замон талаблари асосида ташкил этиш тинчлигимиз посбонларининг муҳим вазифасидир. Мазкур тадбирда ҳам йиғиннинг юқори савияда ўтишига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар дастлаб ҳарбий қисм ҳудудидаги “Ватанга қасамёд монументи” га гулчамбар қўйиб, тинчлигимиз йўлида жон фидо қилган ҳарбийларимиз хотирасига ҳурмат–эҳтиром бажо келтирди. Шундан сўнг ўқув йиғинининг тасдиқланган режаси доирасида машғулотларга старт берилди. Осуда, обод турмшимиз қўриқчилари саф тайёргарлигининг янгича усуллари, уст-бош кийими, ҳужжатлари, командирлик сумкалари кўрикдан ўтказилди.

Йиғининг иккинчи куни иштирокчиларнинг йил давомида бажарган ишлари ҳақидаги ахборотлари тингланиб, ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг қоровул ва 24 соатлик навбатчиликка тайёргарлик кўриш услублари ўрганилди. Унда назорат ўтказиш пункти хизматини ташкил этиш ва хизматни олиб бориш кўздан кечирилди. Ҳарбий қисмда янгидан қуриб фойдаланишга топширилган қоровулхона ва бу ерда яратилган шароитлар, зарур жиҳозлар билан танишди.

Ўқув-услубий йиғин қатнашчилари жисмоний тайёргарлик бўйича назорат синовларини топширди. Қизиқарли баҳсларга бой бўлган спорт ўйинлари ташкил этилди. Шунингдек, ҳарбий қисмда янгидан барпо этилган қоровуллар шаҳарчасида ҳарбий қисм штаб бошлиғи томонидан қоровул ва 24 соатлик навбатчилик шахсий таркибига амалий йўриқнома бериш жараёни бўйича тажриба алмашилди.

Йиғин якунида ҳарбий оркестр садолари остида саф майдонида тарқатув амалга оширилди. Уч кунлик ўқув йиғинида ўтказилган амалий ва назарий машғулотлар иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, амалиётга кенг жорий этиш ҳамда шахсий таркибнинг осойишта ҳаётимизни таъминлашдаги жанговар руҳини оширишга хизмат қилди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири