Ватан ҳақидаги энг яхши қўшиқлар танлови
Маданият вазирлигида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” қўшиқлар танловининг дастлабки саралаш босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишланган мазкур танлов Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда "Zo'r TV" телеканали томонидан ўтказилмоқда.
Дастлаб ҳакамлар ҳайъати аъзолари оммавий ахборот воситалари вакиллари учун кўрик танлов низомидан ўрин олган меъёрлар, танловдан кўзланган мақсад ва вазифалар хусусида маълумот берди.
Мулоқот чоғида пул мукофотларининг тақсимланиш мезонлари, ҳаваскор ёки профессионал ижодкорлар учун имкониятларнинг тенглиги, кўрик-танловнинг 2-3 босқичларида жонли ижронинг аҳамияти каби масалалар қизғин муҳокама этилди.
Шундан сўнг бугунги кунга қадар танловга етиб келган 82 та тарона ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этилди.
Танловнинг адолатли ва холисона ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар бир қўшиқ рақамланган тартибда, яъни ижрочининг шахсини сир тутган ҳолда ҳайъат аъзоларига эшиттирилди. Танлов низомидан келиб чиққан ҳолда қўшиқларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилди.
Қизғин баҳс-мунозаралар чоғида қўшиқларнинг композицияси, унинг матни, ижро ва овоз маҳоратлари ва бошқа барча мезонлар инобатга олиниши лозимлиги қайд этилди.
ЎзА