Вақтга Бокуда қўйилган ҳайкал
Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Вақт ҳайкали” китоби Бокуда озарбайжон тилида нашр этилди
“Вақтга ҳайкал қўймоқ пайти ҳам етди!” – ушбу сатр шоирнинг 1984 йили ёзилган “Саксонинчи йиллар” достонидан олинган. Вақт деган улуғ неъматни қадрлаш, уни елга совуришдан сақланмоқ, асл ҳақиқатларга бағишламоқ – вақтга ҳайкал қўйиш деганда Сирожиддин Саййид ана шу теран моҳиятни назарда тутади.
Ҳаёт!
Кўзларингни мендан яширма!
Ҳаёт!
Дардларимга ўзинг бер ҳаёт!
Сен ўзинг дунёда энг буюк бахтсан,
Сен ўзинг дунёда энг буюк фарёд.
Шоир ана шу энг буюк бахт ва энг буюк фарёд бўлган ҳаёт фалсафасини ўзига хос талқин этади. Унингча, ҳаёт Ҳазрат Навоий куйлаган азоб, Устоз Ғафур Ғулом эъзозлаган эзгу дард. Зеро, ҳақиқий шеър ана шу азоб ва эзгу дард ҳосиласи.
Вақтга ижодкор қўяжак ҳайкал “Фоний ҳасрат эмас – Олий орзудан, Ўткинчи ғам эмас – Юксак ишончдан” қурилмоғи зарур. Туғёндан, виждондан, гиёҳдан, тонгдан, шабнамдан, қасамдан, севги, қувончдан бунёд этилмоғи керак бу ҳайкал.
Ҳақиқий шоир фақат ўзинигина ўйлай олмайди. Унинг юрагини миллат дарди, башарият дарди ўртайди. У ҳазрат Навоий бўлиб, Астрободга сургун этилади, Собир Термизий бўлиб сувга ғарқ қилинади. Замондан қуюн янглиғ ўтиб, “Бобурнома” бўлиб битилади. Дунёда кечаётган уруш-талошлар, зулм-ўлдиришлар, талон-торожлар унинг ҳам қалбини изтиробга солади, руҳини чўктиради.
Афғонистон қумларида аскарлар йиқилганда У ҳам ёзув столида сўзсиз яраланади. Женевадаги тинчлик шартномалари чўзилганда, уни таҳликага солган муддатлар ҳам узаяди. Никарагуада, Байрутда юз берган вайронгарчилик ва қотилликлардан дафтарига қонлар сачрайди, самоларда жон берган Муин Бсису ҳасрати унинг ҳам кўнглига мунг солади. Она кўзёшларидан дунё кўзёшларининг моҳиятини англайди. Инсон дард билан буюк эканини ҳис этади. Бутун дунё виждонларини бирлашмоққа чорлайди.
Достон мана бундай хулосаланади:
Менинг кўз олдимда Вақт турар фақат –
Бутун Инсоният шаклидаги Вақт.
Вақтни инсоният шаклида тасаввур этиш, ҳис этиш учун ҳақиқий шоирона қалб зарур, юракда чўнг дард бўлмоғи керак. Сирожиддин Саййид ана шундай залворни елкасига олган ижодкор. Шу боис турли миллат шоирлари унинг асарларини ўз тилларига таржима қилмоққа эҳтиёж сезаётир. Шеърлари қардош ўлкаларда ҳам севиб ўқилмоқда.
“Вақт ҳайкали” китобини озарбайжон тилига машҳур “Ўзбек келаётир!” шеъри муаллифи Акиф Азалп таржима қилган. Бу нашр фақат Сирожиддин Саййиднинггина эмас, ўзбек шеъриятининг ҳам ютуғи, ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари ривожланаётгани далилидир. Китобдан шоирнинг энг сара шеърлари ва достонлари ўрин олган.
Янги китоб барчамизга қутлуғ бўлсин!
Адабиётсевар дилларни, қардош ва қондош элларни бир-бирига боғлайдиган, дўстлик ва эзгулик кўпригини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган китоб бўлмоғини тилаймиз.
Нурбой Жабборов,
адабиётшунос олим, филология фанлари доктори